Бухоро–Япония: ишончдан амалий шериклик сари
Бухоро азалдан Шарқ ва Ғарбни боғлаб турган, турли халқлар ва маданиятлар ўртасидаги мулоқотга кенг йўл очган қадимий замин сифатида дунёга машҳур. Бугун эса кўҳна шаҳар нафақат бой тарихий-маданий мероси, балки замонавий тараққиёт, инвестиция, таълим ва халқаро ҳамкорликнинг янги марказларидан бири сифатида ҳам ўз нуфузини тобора мустаҳкамламоқда.
Айни жараёнда Япония билан йўлга қўйилган ишончли ва узоқ муддатли ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Хирата Кенжи билан учрашиб, икки томонлама муносабатларни янги мазмун ва амалий лойиҳалар билан бойитиш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашув аввалида вилоят ҳокими жаноб элчини Бухорога қилган ташрифи билан қутлаб, Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги иқтисодий, дипломатик ва маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасидаги фаолиятига муваффақият тилади.
Бугун Ўзбекистон–Япония муносабатлари ўзаро ҳурмат, ишонч ва манфаатдорлик тамойиллари асосида изчил ривожланмоқда. Бу жараёнда давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган очиқ ва прагматик ташқи сиёсат, хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, инвестиция ва илғор технологияларни жалб этиш, инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, Ўзбекистон–Япония муносабатларини янги босқичга олиб чиқиш, таълим ва технологиялар соҳасида тажриба алмашиш, ёшларни замонавий касбларга ўқитиш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий шерикликни кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар Бухоро мисолида ҳам ўзининг амалий ифодасини топмоқда.
— Бухоро вилоятида таълим, инсон капитали, тадбиркорлик, инфратузилма ва гуманитар соҳаларда Япония томонидан кўрсатилаётган амалий кўмак ва эътиборни юксак қадрлаймиз, — деди Ботир Зарипов. Бу сўзлар замирида бир ҳақиқат мужассам: бугунги ҳамкорлик оддий дипломатик мулоқот доирасидан чиқиб, одамлар ҳаётига бевосита таъсир кўрсатадиган амалий лойиҳаларга айланмоқда.
Учрашувда Амударё–Бухоро ирригация тизимини қайта тиклаш, хусусан, Амударё–Бухоро–II насос станциясини модернизация қилиш лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар алоҳида қайд этилди. Жумладан, ўрнатилган 10 та насос агрегатининг бугунги кунда тўлиқ ишлаётгани Бухоро вилоятини сув билан таъминлаш барқарорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Бу ерда гап шунчаки техник иншоотни модернизация қилиш ҳақида эмас. Сув — Бухоро учун қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги, аҳоли фаровонлиги ва ҳудуд иқтисодий барқарорлигининг энг муҳим омилларидан биридир. Шу маънода, Япония билан ҳамкорликда амалга оширилаётган мазкур лойиҳа мамлакатимизда давлат раҳбари томонидан сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, инфратузилмани модернизация қилиш ҳамда иқлим ўзгариши шароитида сув хавфсизлигини таъминлашга қаратилаётган эътиборнинг Бухородаги амалий натижаларидан бири сифатида баҳоланиши мумкин.
Учрашувда Япониянинг JICA грантлари, “Grassroots” ва кўнгиллилар дастурлари доирасида Бухорода амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда япон компанияларининг вилоятдаги фаолияти ҳақида фикр алмашилди.
Замонавий маълумотлар марказини барпо этиш бўйича ташаббуслар эса рақамли иқтисодиёт ва юқори технологиялар соҳасида ҳамкорлик учун янги имкониятлар эшигини очмоқда. Бироқ учрашувнинг энг муҳим жиҳатларидан бири — инсон капитали ва ёшлар келажаги масаласига алоҳида эътибор қаратилганидир.

Ўзбекистон–Япония марказининг Бухоро шаҳар ваколатхонаси фаолиятида янги босқич бошланиши ана шу нуқтаи назардан катта аҳамиятга эга. Марказнинг Бухоро давлат техника университетидаги янги бинода фаолиятини давом эттириши таълим, бизнес-консалтинг, тадбиркорлик, япон тилини ўрганиш ва ёшлар билан ишлаш йўналишларида ҳамкорликни янада кенгайтириш имконини беради. Энг муҳими, бу маскан ёшлар учун Япония тили ва маданиятини ўрганиш билан чекланиб қолмай, уларни замонавий касб ва кўникмаларга йўналтирувчи муҳим майдонга айланиши мумкин.
Учрашувда Ботир Зарипов томонидан яна бир долзарб ташаббус илгари сурилди. Бу — ёшларни Японияда муносиб ва юқори даромадли иш ўринларига тайёрлаш, хавфсиз ва тартибли меҳнат миграциясини тизимли йўлга қўйиш масаласидир.
Бухорода ёшларга япон тили, маданияти ва зарур касб-ҳунарларни ўргатиш тизимини янада кенгайтириш, ўқув дастурларини муваффақиятли тамомлаган малакали мутахассисларни Япония меҳнат бозорига тайёрлаш — икки томон учун ҳам манфаатли йўналиш. Бу ташаббуснинг моҳияти жуда теран. Бир томондан, бухоролик ёш халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош касб эгасига айланади, юқори даромад топади, янги технология ва меҳнат маданиятини ўзлаштиради. Иккинчи томондан, Япония корхоналари малакали кадрларга эга бўлади. Демак, бу ҳамкорлик “кадр тайёрлаш — иш билан таъминлаш — тажриба орттириш — янги технологияларни олиб келиш” занжири асосида янги иқтисодий имкониятларни шакллантириши мумкин.
Элчи Хирата Кенжи самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган очиқлик сиёсати ва кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолади. Унинг таъкидлашича, бугун Бухоро вилояти Япония ҳудудлари билан савдо-иқтисодий алоқалардан тортиб, шаҳарсозлик, туризм, маданият, фан ва таълимгача бўлган кенг қамровли йўналишларда ҳамкорлик қилмоқда. Эътиборлиси, Япония томони Бухорода аҳоли даромадларини ошириш ва камбағалликни қисқартириш борасида бошланган ишларни ҳам алоҳида эътироф этди. Бу эътироф Бухорода иқтисодий ўсишни фақат рақамлар билан эмас, балки инсон ҳаётидаги реал ўзгаришлар билан ўлчашга қаратилган ёндашув тобора кучайиб бораётганини кўрсатади.
Учрашув якунида томонлар ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва амалий мулоқотни изчил давом эттиришга келишиб олдилар. Хусусан, таълим ва инсон капитали, замонавий технологиялар, сув хўжалиги, яшил иқтисодиёт, туризм, тадбиркорлик ва инвестиция каби устувор йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш бўйича фикр алмашилди.
Меҳмонларнинг вилоятнинг янги маъмурий маркази билан таништирилгани ҳам ташрифнинг мазмунига ўзига хос маъно бағишлади. Чунки янги маъмурий марказ — бу шунчаки янги бинолар мажмуаси эмас. У Бухоронинг янгича қиёфаси, замонавий бошқарув, инфратузилма ва халқаро ҳамкорлик учун яратилаётган янги имкониятларнинг тимсолидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири