Бугун сувнинг ҳар томчиси ҳисобда
Иқлим ўзгариши таъсири тобора кучайиб, сув ресурсларига босим ортиб бораётган ҳозирги шароитда қишлоқ хўжалигида ҳар бир томчи сувдан самарали фойдаланиш стратегик вазифага айланмоқда. Мамлакатимизда сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, сув сарфини қисқартириш ва ҳосилдорликни оширишга қаратилган тизимли ислоҳотлар бу борада янги босқични бошлаб берди. Айниқса, фермер хўжаликларида томчилатиб суғориш тизимини кенг татбиқ этиш сув хавфсизлигини таъминлаш билан бирга, аграр соҳанинг иқтисодий самарадорлигини ҳам оширишга хизмат қилмоқда.
Жиззах вилоятида ҳам мазкур йўналишда амалий ишлар изчил давом этмоқда. Хусусан, Шароф Рашидов туманида фаолият юритаётган “Маматқул бобо” фермер хўжалигида сув тежовчи технологияларни қўллаш ҳолати Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Сувхўжаликназорат” инспекциясининг Жиззах вилояти бошқармаси мутахассислари томонидан жойида ўрганилди.
Фермер хўжалигининг умумий ер майдони 115 гектарни ташкил этади. Шундан 38 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган. Бу эса суғориш сувидан тежамкорлик билан фойдаланиш, сув йўқотишларини камайтириш, тупроқ намлигини меъёрда сақлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этаётганини кўрсатмоқда.

Ўрганиш жараёнида инспекция мутахассислари фермер хўжалиги масъулларига сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, томчилатиб суғориш тизимларидан самарали фойдаланиш, уларнинг техник ҳолатини доимий назорат қилиш ҳамда сув исрофининг олдини олиш юзасидан амалий тавсиялар берди. Шунингдек, сув тежовчи технологияларни қўллашнинг иқтисодий ва экологик афзалликлари, сувдан фойдаланиш маданиятини янада юксалтиришнинг аҳамияти ҳақида атрофлича тушунтириш ишлари олиб борилди.

Бу каби амалий ишлар давлат сиёсатида белгиланган вазифаларнинг изчил ижросини таъминлашга хизмат қилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2026 йил 5 февралда қабул қилинган “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, сув ресурсларидан самарали фойдаланишнинг мутлақо янги механизмлари белгилаб берилди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, 2026–2028 йилларда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган майдонлар ҳажмини 3,5 миллион гектарга етказиш, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимларини кенгайтириш, шунингдек, сувдан фойдаланиш устидан давлат назоратини кучайтириш устувор вазифалар сифатида белгиланган.

Қарор ижроси доирасида жойларда олиб борилаётган мониторинг ва профилактик тадбирлар сув тежовчи технологияларнинг ҳақиқатда жорий этилганлигини баҳолаш, улардан самарали фойдаланишни таъминлаш ҳамда фермерларнинг бу борадаги масъулиятини янада оширишга қаратилган. “Сувхўжаликназорат” инспекцияси ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилаётган назорат тадбирлари сувдан фойдаланиш қоидаларига риоя этилишини таъминлаш, мавжуд ресурсларни асраш ва замонавий суғориш технологияларини оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мутахассислар таъкидлаганидек, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш нафақат сув сарфини қисқартириш, балки ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш, ер унумдорлигини сақлаш ва юқори ҳосилдорликка эришишнинг муҳим омили ҳисобланади. Бу эса мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аграр тармоқ рақобатбардошлигини ошириш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида белгиланган устувор вазифаларнинг изчил амалга оширилаётганидан далолат беради.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири