35 йиллик тараққиёт: анъанавий савдодан рақамли иқтисодиёт сари
Рақамли маркировка Ўзбекистонда бизнес фаолияти ва савдони қандай ўзгартирмоқда?
Сўнгги 35 йил ичида Ўзбекистонда тадбиркорлик қоғозда ҳисоб юритиш ва товарларни жисмоний назорат қилишдан рақамли технологиялар, автоматлаштириш ҳамда бизнес шаффофлигига оид янги талаблар жорий этилишигача бўлган босқичдан ўтди. Бугунги кунда тадбиркор учун товарни ишлаб чиқариш ёки олиб келишнинг ўзи кифоя эмас. Айни пайтда маҳсулот қаерда эканлигини, таъминот занжири бўйлаб қандай ҳаракатланаётганини ва ҳар бир босқичда у билан нима содир бўлаётганини билиш муҳим.
Ушбу ўзгарувчан бизнес муҳитига рақамли маркировка тизими кириб келмоқда. У айрим тоифадаги товарлар ҳаракатини рақамли шаклга ўтказади. Хусусан, маҳсулотга ноёб идентификатор – маркировка коди берилади ва у билан боғлиқ барча амалиётлар ягона тизимда қайд этиб борилади.
Товарнинг ҳужжатидан унинг рақамли изига қадар
Анъанавий ҳисоб-китоб, энг аввало, “товарнинг зарур ҳужжатлари борми?” деган саволга жавоб берарди. Рақамли маркировка эса “маҳсулот ҳаракатини кузатиш мумкинми?" деган муаммога ҳам ечим таклиф этади.
DataMatrix-код товарга оид амалиётларни “Asl Belgisi” Миллий ахборот тизимида кузатиш имконини берувчи рақамли идентификатор ҳисобланади. Бу ишлаб чиқарувчи ва импорт қилувчи учун янада шаффоф таъминот занжирини йўлга қўйиш ҳамда ўз маҳсулотлари ҳаракати тўғрисида аниқ маълумот олиш имконини беради.

Бу, айниқса, агрегация жараёнида яққол намоён бўлади. Алоҳида маркировкаланган маҳсулот гуруҳли ёки транспорт ўрамига бирлаштирилиб, уларга ягона рақамли код берилади. Ушбу кодда ўрам ичидаги барча товарлар ва уларнинг ўзаро боғлиқлиги ҳақидаги маълумотлар сақланади.
Шу боис ходим ёки харидор, масалан, ҳар бир сув идишини алоҳида сканерлаш ўрнига, битта кодни текшириб, бутун блокдаги маҳсулотлар ҳақида маълумот олиши мумкин. Бизнес учун бу товарни қабул қилиш ва жўнатиш жараёнини қулайлаштиради, қўлда бажариладиган ишларни қисқартиради, хатоликларни камайтириб, маҳсулот ҳаракатини кузатиш имкониятини яратади.
Маркировка тизими амалда қандай ишлайди?
Рақамлаштиришнинг амалий самарасини энергетик ичимликлар халқаро брендининг дистрибьютори бўлган компания тажрибасида яққол кўриш мумкин. Ушбу компания маҳсулотлар билан ишлашда рақамли маркировка ва агрегациядан фойдаланади.
Компаниянинг омбор логистикаси раҳбари Дмитрий Кузменконинг сўзларига кўра, тизим товарни қабул қилишдан бошлаб уни жўнатишгача бўлган ҳаракатини назорат қилиш, маҳсулотнинг айни пайтда қаерда эканлигини ва ҳар бир босқичда у билан нима бўлаётганини билиш имконини беради.
– Тизимнинг асосий афзаллиги шундан иборатки, у бизнес ва якуний истеъмолчини контрафакт маҳсулот олишдан ҳимоялайди, – деди Д. Кузменко. – Бундан ташқари, маркировка таъминот занжири шаффофлигини таъминлайди. Биз товар бозорнинг барча иштирокчилари ўртасида қандай ҳаракатланаётганини аниқ кўриб турамиз. Бу эса хатарларни камайтиради, ҳамкорлар ва чакана савдо тармоқларининг ишончини оширади. Тўғри, ускуна, дастурий таъминот, интеграция ва логистика учун қўшимча харажат талаб этилади. Аммо узоқ муддатли истиқболда бизнеснинг шаффофлиги ва қонунийлиги бу харажатларни оқлайди.

Ушбу тажриба маркировкани жорий этиш шунчаки техник вазифа эмаслигини кўрсатади. Тадбиркорлар мавжуд жараёнларни мослаштириши, ускуналар ва дастурий таъминотга сармоя киритиши, ходимларни ўқитиши керак бўлади. Бироқ интеграциядан сўнг рақамли воситалар кундалик ишнинг ажралмас қисмига айланиб, уни сезиларли даражада соддалаштиради.
Тизим бозор билан бирга ўсиб бормоқда
Маркировка кўлами тизим иштирокчилари сонида акс этади. “Asl Belgisi” порталида келтирилган расмий маълумотларига кўра, рақамли маркировка тизимидаги товар айланмаси иштирокчиларининг сони турли йилларда қуйидагича бўлган:
2021 йилда — 522 та корхона;
2022 йилда — 9 156 та корхона;
2023 йилда — 42 173 та корхона;
2024 йилда — 104 775 та корхона;
2025 йилда — 184 995 та корхона;
2026 йилда — 267 611 та корхона.
Бундан кўриниб турибдики, 2021 йилдан буён тизим иштирокчилари сони 512 баробардан кўпроққа ошган.
Шу билан бирга, маҳсулот йўналишлари рўйхати ҳам кенгайди. Агар 2021 йилда маркировка тизими тамаки, пиво ва алкоголь маҳсулотларини қамраб олган бўлса, бугунги кунга келиб маркировкаланадиган товарлар қаторига маиший техника, сув ва ичимликлар, дори воситалари, автомобиль аккумуляторлари, минерал ўғитлар, шунингдек, синов лойиҳалари доирасидаги маҳсулот гуруҳлари – биологик фаол қўшимчалар, тиббий буюмлар, вакциналар ва ўсимлик мойлари киради.
2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги ҳолатига кўра, алоҳида тоифалар бўйича тизимдаги энг кўп иштирокчилар маиший техника (145 942 та корхона), сув ва салқин ичимликлар (61 864 та корхона) ҳамда дори воситалари (45 079 та корхона) ҳиссасига тўғри келади.
Бизнеснинг мослашуви — рақамли трансформациянинг бир қисми
Дистрибьютор компания тажрибаси шуни кўрсатадики, маркировкани муваффақиятли жорий этиш нафақат ускуна ва дастурий таъминот, балки ходимларни тайёрлашни ҳам талаб қилади.
Компания ишчи гуруҳ тузиб, талабларни ўрганди, стратегияни белгилади, дастурий таъминот етказиб берувчисини танлади, техник топшириқни ишлаб чиқди, ечимни синовдан ўтказди ва ходимлар учун йўриқномалар тайёрлади.
Ходимларни ўқитишга ва бизнес жараёнлари учун масъул бўлган асосий фойдаланувчиларни аниқлашга алоҳида эътибор қаратилди. Техник ёрдам кўрсатадиган ишчи чатлар ҳам ҳаракатлар протоколларини тузишга ва хатоликларни камайтиришга ёрдам берди.
Бундай ёндашув маркировкани бир марталик техник вазифа сифатида эмас, балки одатий бизнес жараёнларининг ўзгариши сифатида қабул қилиш имконини беради.
Харидор ҳам рақамли бозор иштирокчисига айланади
Маҳсулотнинг рақамли изи фақат давлат ёки бизнесга керак эмас. У аста-секин истеъмолчи учун ҳам муҳим воситага айланиб бормоқда.
Рақамли маркировка оператори маълумотларига кўра, бутун кузатув даври мобайнида фойдаланувчилар Asl Belgisi (Android/ iOS) бепул мобил иловаси орқали маркировкаланган маҳсулотларни 20 миллион мартага яқин сканерлаган.
Энг кўп маҳсулот текшируви фармацевтика маҳсулотлари (9 122 096 марта сканерлаш), алкоголь (3 986 577 марта), сув (2 413 177 марта) ва маиший техника (1 884 353 марта) ҳиссасига тўғри келади.
Маркировкаланган маҳсулотни текшириш имконияти натижасида харидор бир неча сония ичида смартфони ёрдамида маҳсулот ҳақидаги барча маълумотни мустақил олиши мумкин.
Анъанавий савдодан — рақамли бозорга
35 йил ичида нафақат технологиялар, балки маҳсулот билан ишлаш тизими ўзи ҳам ўзгарди. Қоғозда ҳужжат юритиш ўрнини аста-секин электрон тизимлар, рақамли тўловлар, автоматлаштириш ва маҳсулотнинг рақамли идентификацияси босди.
Бугунги кунда ушбу ўтиш жараёнининг кўлами нафақат тизим иштирокчилари сони, балки маҳсулотни идентификация қилиш ва унинг ҳаракатини кузатиш имконини берувчи маркировка кодлари сони билан ҳам ўлчанади.
Шу билан бирга, рақамли маркировка амалий вазифаларни ҳал бажариши мумкин. Тизим маҳсулот ҳаракатини назорат қилиш, қўл меҳнатини камайтириш, товарларни қабул қилиш ва жўнатишни тезлаштириш, хатоларни қисқартириш ҳамда таъминот занжири шаффофлигини оширишга ёрдам беради.
ЎзА