Сурхондарё “яшил” қувватлар маконига айланмоқда
“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти бунёдкорлари мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Сурхондарё вилоятида навбатдаги гидроэнергетик иншоот “Зарчоб – 3” кичик ва “Зарчоб – 3 А” микро ГЭСни фойдаланишга топширди.
Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали тадбирда туман ҳокимлиги, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ раҳбарияти ва мутасаддилари, фаоллар, нуронийлар, меҳнат фахрийлари, соҳа мутахассислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этади.

Президентимизнинг 2026 йил 1 майдаги “Гидроэнергетика соҳасини янада ривожлантириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Сариосиё туманидаги “Тўполанг” дарёсида қад ростлаган “Зарчоб – 3” кичик гидроэнергетика иншооти 3,5 МВт, “Зарчоб – 3 А” микро ГЭСи 0,5 МВт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга. Истиқлолнинг 35 йиллигига туҳфа қилинган иккита гидроиншоот 200 миллион куб-метр табиий газни тежаб, вилоятдаги 290 минг хонадонни барқарор электр энергияси билан таъминлайди.

Сурхондарё — йирик гидроэнергетик салоҳиятга эга воҳа. Вилоятнинг тоғли рельефи, “Тўполанг” дарёси ва бошқа сув оқимлари, табиий баландликлар фарқи ҳамда гидрологик шароити бу ерда гидроэлектр станциялар барпо этиш учун қулай имконият яратади. “Юқори Тўполанг” ҳудудидаги гидроресурслардан самарали фойдаланиб янги электр қувватларини яратиш, қайта тикланувчи энергия манбалари улушини ошириш ва ҳудуднинг энергетик салоҳиятини юксалтиришда муҳим омил бўлади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан сўнгги йилларда бу имкониятлардан оқилона фойдаланиб, вилоятнинг гидроэнергетика соҳасини сезиларли даражада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, тўққиз йил муқаддам воҳада 30 МВт қувватга эга битта гидроэлектр станцияси “яшил” энергия ишлаб чиқарган бўлса, эндиликда ГЭСлар сони 13 тага, қуввати 273,4 МВтга етди. Йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 770 миллион кВт·соатни ташкил этмоқда. Қисқа вақтда “Зарчоб – 1”, “Зарчоб – 2”, “Зарчоб – 3” ГЭСлари қурилиб, фойдаланишга топширилгани воҳанинг босқичма-босқич гидроэнергетик қувватини оширди.

“Зарчоб-3 А” кичик ГЭСининг ишга туширилиши ҳам ҳудуднинг мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиб, қўшимча электр энергияси ишлаб чиқариш ва қайта тикланувчи энергия манбалари улушини кўпайтиришда муҳим ўрин тутади. Катта маблағ ва меҳнат эвазига бунёд этилаётган янги гидроэнергетик қувватларнинг ишга туширилиши аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қоплаш, энергетика тизими барқарорлигини таъминлаш ва анъанавий ёқилғи ресурсларидан фойдаланишни камайтиришга хизмат қилади.
– Вилоятда бу ГЭСнинг ишга туширилгани Сурхондарё гидроэнергетикаси тараққиётида навбатдаги муҳим қадам бўлди, – дейди “Тўполанг ГЭСлар” каскади директори А.Улуғов. – Каскадимиз аста-секин мамлакатдаги энг йирик ва стратегик муҳим қайта тикланувчи энергия манбаларидан бирига айланмоқда. Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, гидроэнергетика иншоотларимизни энди маҳаллий бунёдкорларимиз барпо этмоқда. Иккинчидан, дарё сувидан кетма-кет олти марта қайта фойдаланилмоқда.

Мутахассисларнинг айтишича, вилоятнинг гидроэнергетика соҳасидаги ишлар “Зарчоб ГЭСлар каскади билан чекланиб қолмайди. Келгусида “Киштут” ГЭСлар каскадида гидроэнергетик иншоотлар қурилиши бошланади. Қуввати 80 МВт бўлган йирик лойиҳа учта гидроэлектр станциясидан иборат бўлиб, Юқори Тўполанг ҳудудининг гидроэнергетик имкониятларидан комплекс фойдаланишга қаратилган. Шунингдек, 2032 йилгача жанубдаги вилоятда умумий қуввати 541 МВт бўлган 42 та янги гидроэлектр станциясини қуриш мўлжалланмоқда.
Катта ҳажмдаги бундай бунёдкорлик ишлари вилоятдаги ГЭСлар сонини 55 тага, умумий қувватни 814,3 МВтга, йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини 2,7 млрд кВт·соатга етказади. Йилига қарийб 760 миллион куб-метр табиий газ иқтисод қилинади.

Тантанали маросимда сўзга чиққан Сариосиё тумани ҳокими Одил Ёқубов, “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси биринчи ўринбосари Бехзод Амирсайидов ва бошқалар мамлакатимизда сўнгги йилларда инсон қадр-қимматини улуғлаб, аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши учун яратилаётган шароитлар ҳақида сўз юритди. “Тўполанг” дарёсида барпо этилаётган “яшил” энергия ишлаб чиқарувчи қувватлар ҳам ана шундай эзгу мақсадга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Тадбир якунида янги лойиҳани муваффақиятли амалга оширишга муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ қурувчи, муҳандис ва соҳа ходимлари муносиб тақдирланди.

Шунингдек, “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти Сариосиё туманида яшайдиган 12 нафар боланинг суннат тўйи муносабати билан болажонларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатди. Совғалар топширилди.
Холимўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири