Болали оилалар, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун нафақалар янгиланди
Маълумки, 2026 йил 1 июлдан бошлаб мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш мақсадида болалар нафақаси, моддий ёрдам, ёшга доир ҳамда ногиронлик нафақаларининг янги миқдорлари амалга киритилди.
Мазкур ўзгаришлар эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, фарзанд тарбияси билан боғлиқ харажатларни енгиллаштириш, шунингдек, кекса ёшдаги ва ногиронлиги бўлган фуқароларнинг турмуш даражасини яхшилашга қаратилган.
Янги тартибга мувофиқ, болалар нафақаси қуйидаги миқдорларда тўланади:
—3 ёшгача бўлган бир нафар кичик фарзанд учун — 386 000 сўм;
—3 ёшдан 18 ёшгача бўлган бир нафар фарзанд учун — 295 000 сўм;
—оиладаги иккинчи фарзанд учун қўшимча — 177 000 сўм;
—учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанд учун қўшимча — 118 000 сўм.
Бу тартиб кўп болали оилаларни янада самарали қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
2026 йил 1 июлдан бошлаб қуйидаги нафақалар ҳам янги миқдорларда белгиланди:
—моддий ёрдам — 450 000 сўм;
—ёшга доир нафақа — 878 000 сўм;
—ногиронлиги бўлган боланинг онасига тайинланадиган ёшга доир нафақа — 878 000 сўм;
—I гуруҳ ногиронлик нафақаси — 1 209 000 сўм;
—II гуруҳ ногиронлик нафақаси — 1 083 000 сўм.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, нафақалар миқдорининг оширилиши ижтимоий ҳимоя тизимини янада такомиллаштириш, кам таъминланган оилаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари турмуш фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.
Айниқса, фарзандли оилалар, кекса фуқаролар ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг даромадларини қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг кундалик эҳтиёжларини қоплаш имкониятлари кенгаяди.
Фуқаролар нафақа ва ижтимоий тўловлар бўйича қўшимча маълумотларни тегишли ижтимоий ҳимоя органлари ёки давлат хизматлари орқали олишлари мумкин.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА