Бомиёндан Ўзбекистонга картошка экспорт қилиш имконияти муҳокама қилинди
Ўзбекистон қўшни давлатлар билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, аграр соҳада қўшма лойиҳаларни амалга ошириш борасида самарали натижаларга эришмоқда.
Кобул шаҳрида Ўзбекистон делегацияси ҳамда Афғонистоннинг Бомиён вилояти ҳокими Ал-Ҳож Қори Гул Ҳайдар ўртасида бўлиб ўтган учрашувда айни йўналишдаги масалалар муҳокама қилинди.
Музокараларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев, Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов, шунингдек, икки томоннинг тегишли вазирлик ва идоралари вакиллари иштирок этди, дейилади Ўзбекистон савдо-саноат палатаси маълумотида.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Бомиён вилояти тоғли иқлими туфайли Афғонистоннинг "картошка пойтахти" сифатида эътироф этилади. Ҳозирда ҳудудда тажриба тариқасида 17 гектар майдонга экспорт ва саноат усулида қайта ишлаш учун мос бўлган юқори ҳосилли Фонтане навидан 44 тонна уруғлик картошка экилган.
Учрашувда Бомиён вилоятининг иқтисодий ва аграр салоҳияти, қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар ҳамда ўзаро савдо алоқаларини кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Хусусан, лойиҳа картошка ҳосилдорлигини ошириш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги аграр кооперацияни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши таъкидланди.
Томонлар Бомиён вилоятидан Ўзбекистонга йилига 300 минг тоннагача юқори сифатли картошка экспорт қилиш имкониятларини ҳам муҳокама қилдилар.
Соҳа йўналишида ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва янги қўшма лойиҳаларни тузиш бўйича келишувларга эришилди.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА