Фарғонада болалар оромгоҳлари етарлими ёки нега 8-10 синф ўқувчилари қабул қилинмайди?
– Фарғона вилоятида жорий йилда 12 та турғун оромгоҳлар фаолият юритиб, уларда 8 минг 310 нафар бола соғломлаштирилиши режалаштирилган, – дейди Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят кенгаши бўлими мудири Ғанишер Пайзиев. – Ҳозирги кунга қадар 7 минг 181 нафар бола соғломлаштирилишига эришилди. Шунингдек, Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг аъло баҳоларга ўқиган 3 минг 990 нафар фарзандларини жалб қилиш режалаштирилган бўлиб, уларнинг 2 минг 237 нафари оромгоҳларда дам олди. Юқоридагилардан ташқари, оилавий болалар уйида тарбияланаётган 101 нафар бола ҳам “Олтиариқ” оромгоҳида бўлди.
Бир қарашда ҳаммаси кўнгилдагидек. Чунки вилоятдаги болалар оромгоҳлари ёзги таътилга пухта тайёрланди, таъмирланди, жиҳозланди, йўлланмалар очиқ савдога қўйилди.

Лекин, оромгоҳдаги ўринлар етарлими?
Маълумки, негадир болалар оромгоҳида дам олиш ҳуқуқига 7-14 ёшлилар, яъни мактабларнинг 7-синфгача бўлган ўқувчиларигина ҳақли. Негадир юқорироқ синф ўқувчилари болалар оромгоҳларига қабул қилинмайди.
– Фарғона вилоятида 474 минг 151 нафар 1-7 синф ўқувчилари ва 161 минг 837 нафар 8-10 синф ўқувчилари таҳсил олади, – дейди вилоят ММТБ бўлими бошлиғи Аброр Мадғозиев.
Энди икки рақамга эътибор қилинг Фарғона вилоятида юқорида таъкидланганидек, 474 минг 151 нафар 1-7 синф ўқувчилари бўлгани ҳолда уларнинг 8 минг 310 нафаригина болалар оромгоҳлари хизматидан фойдалана олади. Бу ўқувчиларнинг 1,7 фоизи деганидир. Қолаверса, яна юқорида таъкидланганидек, 161 минг 837 нафар 8-10 синф ўқувчилари ҳам бу ҳуқуқдан бебаҳра.

Бу саволларга Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мутасаддилари нима дер экан?
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА