Болалар омбудсмани: болалар ҳуқуқлари бузилгани бўйича 33 жиноят иши қўзғатилди
Жорий йил биринчи ярмида Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) томонидан қандай ишлар амалга оширилди?
Болалар омбудсмани ахборот хизматидан маълум қилишларича, вакил номига 1 минг 147 мурожаат келиб тушган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 30 фоизга ошган.
Болалар омбудсмани 868 мурожаатни назоратга олган. Мурожаатларнинг 21 таси вояга етмаган шахслар томонидан йўлланган. Бу давр ичида вакил томонидан 16 маротаба шахсий қабул ўтказилди.
Бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишига йўл қўйилгани юзасидан давлат органлари ва ташкилотларга 9 таъсир чора ҳужжатлари, яъни огоҳлантириш, 3 тақдимнома, 3 хулоса ва 2 та суд ҳужжати устидан протест келтириш тўғрисида илтимоснома киритилди.
Натижада болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик ҳолатлари юзасидан 8 жиноят иши ҳамда 15 маъмурий иш қўзғатилган.
Болага жисмоний жазо қўллагани ҳамда ўз касбий фаолиятига совуққонлик билан қарагани учун 8 нафар педагог ходимга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилган. 6 нафар педагог ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил сўровлари асосида терговга қадар текширув тўлиқ ўтказмаганлиги туфайли жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги 6 та қарор прокурор томонидан бекор қилиниб, қайта ўрганиш учун юборилган.
Мониторинг фаолияти йўналишида бола ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган муассасаларга 56 маротаба мониторинг ташрифи амалга оширилиб, муассасада сақланаётган 1 минг 289 нафардан ортиқ болалар билан якка ва жамоавий учрашув ҳамда суҳбатлар ўтказилди.
Интернет тармоғи мониторингида аниқланган бола ҳуқуқларининг бузилишига оид ҳолатлар мутасадди давлат органлари билан ҳамкорликда текширилиши натижасида 25 жиноят иши ҳамда 17 маъмурий иш қўзғатилди.
Ўз навбатида, давлат органлари ва ташкилотлар фаолиятида мониторинглар натижасида аниқланган бола ҳуқуқлари бузилиши юзасидан 9 таъсир ҳужжати – 4 тақдимнома, 3 огоҳлантириш ва 2 хулоса киритилди.
Бундан ташқари, фуқароларнинг мурожаатлари ва болага қарши жиноятларга оид суд хабарномалари асосида Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ва унинг котибияти ходимлари 12 та фуқаролик, жиноят ва маъмурий ишлар юзасидан судларда кузатувчи сифатида иштирок этди.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қатор халқаро ташкилотлар ўрганишлари доирасида Ўзбекистонда бола ҳуқуқлари таъминланиши масалаларида тегишли равишда 12 таҳлилий маълумот киритилди.
Мутахассисларнинг бола ҳуқуқлари юзасидан салоҳиятини ошириш бўйича давлат органлари билан ҳамкорликда идоралараро учта қўшма ҳужжат ишлаб чиқилиб, малака ошириш жараёни йўлга қўйилди.
Давлат органлари фаолиятини мониторинг ва таҳлил қилиш асосида давлат органлари ва ташкилотларга бола ҳуқуқларининг бузилиши бўйича 3 ахборот, бола ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича 41 таклиф ҳамда 2 та таҳлилий маълумотнома киритилди.
Бола ҳуқуқлари соҳасида миллий қонунчилик ва халқаро стандартларни тарғиб қилиш ҳамда бола манфаатлари ҳимоясига оид мингдан зиёд медиа-материал жамоатчиликка эълон қилинди.
2026 йил биринчи ярим йиллигида Бола ҳуқуқлари ҳимояси соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш йўналишида жами 10 та тадбир ва лойиҳалар ташкил этилди. Жумладан, Болалар омбудсмани Юнисеф билан ҳамкорликда “Болаларни барча турдаги зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонундан хабардорлик юзасидан болаларни фикрини ўрганиш мақсадида 9,5 минг нафардан ортиқ болалар ўртасида кенг қамровли сўровнома ўтказилди.
Болалар омбудсмани, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, ЮНИСЕФ ҳамда Швеция халқаро ривожланиш ва ҳамкорлик агентлиги (SIDA) билан қўшма амалий лойиҳа йўлга қўйилиб, унинг доирасида хорижда мураккаб вазиятда бўлган болаларни ҳимоя қилишга оид идоралараро ташкилий чоралар ҳамда ноқонуний миграциянинг болаларга таъсирининг олдини олиш механизмини самарали йўлга қўйиш ишлари олиб борилмоқда.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг МДҲга аъзо давлатлар Бола ҳуқуқлари бўйича вакиллари билан изчил хамкорлиги доирасида хорижий давлат ҳудудида турли ижтимоий мураккаб вазиятда қолган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган болаларни Ватанга қайтариш, зўравонликдан ҳимоя қилиш ва уни содир этган шахсга қонуний чора кўриш, болани васийликка бериш, унинг шахсига оид хужжатларини расмийлаштириш орқали болага тиббий хизмат ва ижтимоий кўмак кўрсатилмоқда.
2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида Болалар омбудсмани ва хорижий, миллий мутасадди идоралар саъй-ҳаракати билан жами 22 нафар бола хориждан юртимизга қайтарилди.
Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Болалар омбудсманлари ҳамкорлигидаги чоралар натижасида қаровсиз қолиб кетган 19 нафар болага бўлиб турган ҳудудида барча зарур шарт-шароитлар таъминланди ва кейин улар Ўзбекистонга қайтарилди.
Норгул Абдураимова, ЎзА