Бобур шаҳри чирой очмоқда
Андижон тумани адирликларида 410 минг нафардан зиёд аҳоли яшаши мумкин бўлган турар жой массивини қуриш лойиҳаси жадал суратда амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг Янги Андижон шаҳри деб номланган ушбу массивни Бобур шаҳри деб аташ таклифи кенг жамоатчилик, бутун андижонликлар томонидан қўллаб-қувватланди. Айни кунда Бобур шаҳрини барпо этиш борасидаги ишлар қизғин олиб борилмоқда.
Режага кўра, умумий майдони 4 минг гектарни ташкил этадиган шаҳарнинг 1 минг 439 гектар майдонида 2 мингта кўп қаватли турар-жой, савдо масканлари қад ростлайди. Шунингдек, 223 гектарда хизмат кўрсатиш, 1 минг 820 гектар майдонда яшил ҳудудлар ташкил этилади. Бундан ташқари, 499 гектар майдон йўллар ва бошқа инфратузилма объектларидан иборат бўлади.

“Бобур шаҳри” лойиҳаси бир неча босқичда амалга оширилиши белгиланган. Ҳозирга қадар шаҳарда 5, 7 ва 9 қаватли, 3,9 минг хонадондан иборат 130 та кўп қаватли уй, 1 минг 680 ўринли умумтаълим мактаби, 420 ўринли мактабгача таълим ташкилоти, 250 қатновли поликлиника, трикотаж корхонаси, ипотека маркази, “Ватанпарвар боғи”, “Янги Ўзбекистон боғи”, сув сақлаш ва узатиш иншооти, қатор ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Жумладан, 19 гектар майдонда барпо этилган “Янги Ўзбекистон” боғига 12 минг тупдан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари ва гуллар экилди. Амфитеатр, дам олиш жойлари, кафетерийлар, болалар ўйингоҳи, декоратив пиёдалар йўлаклари, суғориш, ёритиш тизимларига, автотураргоҳ ва бошқа кичик архитектура иншоотларига эга бўлган ушбу боғ Бобур шаҳрининг кўрки бўлади.
Мазкур боққа Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг улкан ҳайкалини ўрнатиш режалаштирилган.

– Бобур шаҳридаги гўзал манзарани кўриб, кўз қувнайди, – дейди Бобур шаҳрида яшовчи Наргиза Жуманиёзова. – Қолаверса, бу ерда яшаш учун барча қулайликлар яратилган. Очиғи, кейинги йилларда юртимиздаги, вилоятимиздаги ўзгаришлардан, бунёдкорлик ишларидан ақлим шошиб қолмоқда. Ҳар қадамда ўзгариш, янги қурилиш. Қисқа муддатда барпо этилаётган бир-биридан чиройли биноларни кўриб, шукр қиламан. Кундан-кунга обод бўлаётган юртимизга кўз тегмасин.
Шу йил ёз ойида Бобур шаҳрида умумий қиймати 20 миллиард сўмга тенг бўлган лойиҳа доирасида 1 минг 300 ўринли замонавий “Амфитеатр” янгидан барпо этилди.

Бугунги кунда “Бобур” шаҳрини янада кенгайтириш мақсадида, 312 гектар майдонда 2-босқич қурилиш ишларининг “Бош режаси” ишлаб чиқилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири