Имконият бор жойда интилиш ҳам бўлади
Сурхондарё вилояти Денов тумани Нуристон маҳалласида яшовчи Сундур Жумаев ҳаётидаги мураккаб синовларга қарамай, ўз имкониятларини ишга солиб, меҳнат қилишга интилиб келмоқда.
Болалигидан полиомиелит хасталигини орттирган, I гуруҳ ногиронлиги бўлган Сундур Жумаев бугун миллий қадриятларимиздан бири — сурма тайёрлаш билан шуғулланяпти.
У 2018 йилда оиласи билан Нуристон маҳалласига кўчиб келган. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оила учун ер ажратилиб, давлат томонидан уй-жой қуриб берилди. Шундан буён Жумаевлар оиласи шу хонадонда истиқомат қилиб келяпти.
С. Жумаев оила аъзолари билан биргаликда аёллар учун мўлжалланган миллий сурма тайёрлашни йўлга қўйган. Бу машғулот оилага миллий анъанани давом эттириш билан бирга, меҳнат орқали қўшимча даромад топиш имконини ҳам бермоқда.
[gallery-31554]
Хонадон Ижтимоий реестрнинг давлат таъминотидаги оила тоифасига киритилган. Сундур Жумаевга ногиронлик аравачаси берилган, фарзандлари учун нафақа ва моддий ёрдам тайинланган. Электр энергияси ҳамда табиий газ харажатлари учун компенсация ажратилган.
Шунингдек, уй-жойни оиланинг эҳтиёжларига мослаштириш мақсадида 60 миллион сўм миқдорида ёрдам кўрсатилган. Фарзандининг мактабгача таълим ташкилотидаги харажатлари ҳам қоплаб берилмоқда.
– Давлатимиз томонидан бизга кўрсатилаётган эътибор ва яратилаётган имкониятлардан мамнунман, - дейди Сундур Жумаев. – Инсон учун энг муҳими – ўзини керакли, қадрланган ва жамиятнинг бир бўлаги эканини ҳис қилиб яшаш. Бугун яратилаётган имкониятлар туфайли мен ҳам ўз меҳнатим билан оиламга даромад келтира олишдек шарафга муяссар бўляпман.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат, видео), ЎзА