Таниқли ижодкор Ашурали Жўраев 70 ёшда
Устоз ҳақида сўз
Ҳозир ҳар бир кунимиз шу қадар тезлашган, юмушларимиз кўпайганки, яқин биродарларимиздан ҳам ўз вақтида аҳвол сўрашга вақтимиз бўлмаяпти. Дўстлар, яқинлар билан Телеграм каналлар орқали ёзишиб, турли тармоқлар орқали хабарлашиб турамиз, холос. Ҳатто, қўнғироқ қилиб гаплашиш, жонли мулоқотлардан ҳам узоқлашиб боряпмиз.
Куни кеча узоқ йиллар бир таҳририятда ишлаган яқинимнинг туғилган кунидан хабар топиб, уни табриклаш учун яхши тилаклар билдиргим келди ва телеграмдаги манзилга дил сўзларни ёзишга киришдим.
Шунда Телеграм тармоқда Ашурали Жўраевдан келган бир хабар эътиборимни тортди. Нима гап экан, деб қарасам, ака етмишга киргани муносабати билан ижодий кеча ва бир пиёла чойга таклифнома экан. Қаранг, етмиш йил ўтиб, кетибди.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида салкам ўн беш йил бирга ишлаган, бир-биримизнинг оилавий тадбирларимизда қатнашган, елкадош ва дардкаш бўлган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ашурали Жўраев бугун муборак етмиш ёшни қарши олаётганлиги мени ўша дамларга назар ташлашга чорлади.
Ўтган асрнинг 1987-88 йиллари эди. Газета кўплаб соҳалардаги энг долзарб муаммоларни кўтариб, уларга ечим топиш учун ўз қарашларини дадил ошкор этаётган пайтлар. Ўша пайтларда Ашурали ака ўттиз ёшлар атрофидаги шижоатли йигит эди. Муҳаррирнинг топшириқларидан ортиб, ўз устида изланиб, бор имконияти ва салоҳияти билан ижод қилишга киришган дамлар. У газетанинг ҳар бир нашрига, албатта, бир мақола ёки суҳбат тайёрлашда илғорлардан эди. Уларда, албатта, халқ дарди ва умидлари ўз ифодасини топарди.
Талабчан, ўз ҳаёт йўлини, бутун борлиғини газетасиз тасаввур эта олмайдиган Одил Ёқубов, Иброҳим Ғафуров, Маматқул Ҳазратқулов сингари ижодкорлар билан бир сафда ижод қилиш енгил кечмаган. Бунинг учун билим, салоҳият ва чидамли бўлиш шарт эди. Ашурали Жўраевда бу хислатлар ана шу жамоада шаклланди. Ўз устида тинимсиз изланди. Турли мавзуларни ўзига хос усулда янги рукнлар остида ўқувчига етказишга ҳаракат қилди ва бунинг устидан чиқди.

– Журналист бўлишга иштиёқ пайдо бўлган пайтларимда туман газетасида кичик хабарларим чоп этиларди. Отам содда, кўпам газета ўқимасди. Менинг йигирма, қирқ, олтмиш қатор ҳажмда босилган хабарларни укаларим отамга ўқиб берар эди. Бир куни отам олдиларига чақирдилар. – Бу укаларинг ўқиб бераётган нарсалар яхши. Лекин тузукроқ нарса ёзгин. Тўртта одам ўқиб, сенга раҳмат айтадиган бўлсин, –дедилар деб эслайди у киши отаси ҳақидаги хотираларида.
Газетамиз саҳифасида Ашурали Жўраевнинг “Ҳамқишлоқларимга мактублар” рукни остида чоп этилган материаллари эл назарига тушди. Танқид асосига қурилган бу материаллар кўплаб қишлоқлар аҳолисининг кундалик турмуш муаммоларини кўтариб чиқди ва бу муаммолар ечим топди. “Телеанкета” рукни остидаги материаллар эса телевидениедаги савияси паст кўрсатувларни нишонга олди. Бу ҳам анчагина муҳокама ва баҳсларга сабаб бўлди.
Бир куни газета саҳифаларини тайёрлаш ва материалларни ўқишда навбатчилик Ашурали аканинг чекига тушган кун эди. Кечга томон тўртта саҳифани олиб кириб бердим. У пайтларда ҳозиргидек техника йўқ. Бир уюм қоғозлар ичида ўралашиб, ижод билан банд эканлар. Орадан анча вақт ўтиб саҳифаларда тузатишлар бўлса, қолиб кетмасин, деб хабар олдим.
Шунда: “Ука ҳозир, қараб бераман. Тўхтанг, сарлавҳаларда хато йўқми, келинг қўл қўйиб бераман”, – деб ҳазиломуз сўз қилдилар. Кейин билсам, ўша дамларда Ботир Зокиров хотирасига бағишланган китоб ёзилаётган экан. Орадан кўп ўтмай “Юрак бўронлари” номли китоб нашр этилди. Вақтлар ўтиб отаси Очил бобонинг ниятлари амалга ошди. Ашурали Жўраев ижодида инсонлар ўқиб унга раҳмат айтадиган китоб дунё юзини кўрди. Ижодкор ўша дамда юрагининг бир четида тугиб қўйган ниятига эришди. Китоб янги хотиралар билан уч маротаба тўлдирилган шаклда қайта нашрдан чиқди.
– Ботир Зокиров билан бор-йўғи икки маротаба учрашганман, – деб эслайди Ашурали ака. – Ўшанда жуда камтар одамлигини эшитиб, ўзимни унинг олдида катта бир ижодкордек ҳис қилгандим. Лекин у инсон билан суҳбат чоғида ҳали ҳеч нимани билмаслигимни англагандим. Қаршимда камтар, самимий инсон ўрнида аслида катта тоғ пайдо бўлган эди. Бу шунчаки оддий гап эмас. Китоб нашр қилинишидан аввал бир саҳифа мақола босилган эди. Мақола нашр этилгач, ўқувчилардан ярим қопдан зиёд мактуб келган. Шулар асосида ва Ботир акани билган, таниган кимки бўлса, барчасидан хотираларни ёзиб олганман ва бу изланишларим давом этмоқда. Ботир Зокиров Юртбошимиз айтганидек, ўзбек эстрада санъатининг асосчиси. У ҳақда ҳали кўп ёзилади.

Ашурали Жўраев ижодий фаолияти давомида кўплаб бадиий, публицистик асарлар яратди ва яратмоқда. Айниқса, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида меҳнат қилган 1983-1996 йиллар давомида долзарб муаммоларга бағишланган кўплаб мақолалари билан ўқувчилар эътиборини қозонди. Айниқса, унинг “Ҳамқишлоқларимга мактублар” номли эълон қилиб борилган чиқишлари халқимиз дунёқараши ва маданияти ўсишига хизмат қилди. Шу билан бирга, инсонлар ҳаётидаги кўплаб муаммоларга ижобий ечим топилди.
Ашурали Жўраевнинг “Йўл бошида”, “Тошбақалар пойгаси”, “Юрак бўронлари”, “Ўқ узган ким?”, “Сенга кўнгил берсам”, “Дил гавҳари”, “Танимадинг-а?”, “Саҳифага сиғмаган сатрлар”, “Майсалар уйғонган тонг”, “Онажон” каби яна ўнлаб бадиий ва публицистик асарлари ўз мухлисларига эга.
Бугун муборак етмиш ёшни қарши олаётган серқирра ижодкор, ёзувчи, публицист, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Ашурали Жўраев Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида ёшларга сабоқ бериш билан бирга, ижодда ҳам қалам тебратиб келмоқда.
Ўз таъбири билан айтганда, журналистика бу тинимсиз меҳнат. Ана шу меҳнат унга завқ бағишлайди, куч беради, шижоатга ундайди. Устозга узоқ умр, куч-қувват тилаймиз.
Асрор Сулаймонов,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
ЎзА