БМТ конференциясида якуний ҳужжат тасдиқланмади
Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтган COP31 иқлим Конференция саммитида иштирок этган тахминан 200 мамлакат вакиллари якуний келишувга эриша олмади. Анжуман якшанба куни якунланди, тадбир ажратилган вақтдан икки кун кўп давом этган бўлса-да, якуний ҳужжат қабул қилинмади.
Охирги кун кечқурун якуний ялпи мажлисда Туркия атроф-муҳит, урбанизация ва иқлим ўзгариши вазири Мурат Қурум конференция якунланганини эълон қилди.
– Бутун дунё ва инсоният музокарада боши берк кўчага кирилганини баҳоласин... сессия тугади, кураш давом этмоқда, – деди Қурум.
Ҳамраислар – Туркия ва Австралия COP31 учун якуний сиёсий қарор лойиҳасини таклиф қилган, бироқ иштирокчилар ҳужжатга турлича баҳо берган. Кузатувчилар фикрича, якуний ҳужжат йўқлигига қарамай, саммит муваффақиятсизликка учради, дейиш хато бўлади. Зеро, йиғилишда жуда кўп меморандум ва келишувлар имзоланди.

Масалан, чоғи иқлим ўзгаришидан энг кўп зарар кўрган мамлакатларга молиявий ёрдам кўрсатиш, яшил энергияга ўтиш масалалари кўтарилди, Туркиянинг дунё миқёсида электрлаштириш улушини ҳозирги 23 фоиздан 2035 йилга келиб 35 фоизга етказиш ташаббуси бўйича фаол муҳокама ҳамон давом этяпти.
“Politico” нашри ёзишича, COP31 иқлим шартномаси қазилма ёнилғи бўйича низо туфайли барбод бўлган. Яъни, бир неча давлат вакили бу ҳақда фикр билдирмаган. Ер юзида ҳарорат кўтарилишига қарши курашиш учун етарли даражада кескин чоралар кўрилмаётгани боис, лойиҳа рад этилган.

Таъкидланишича, якуний ялпи мажлисда Россия қазилма ёнилғидан босқичма-босқич воз кечишга рози бўла олмаслигини эълон қилган. Саудия Арабистони эса ривожланган давлатларни тарихан юқори эмиссия ва молиялаштиришда имтиёз беришни истамасликда айблаган. Европа Иттифоқи, Панама ва яна бир неча кичик орол-давлат COP31 раислиги томонидан илгари сурилган келишувни рад этган.
– Музокара томонлари қазилма ёнилғи хом ашёси масаласини якуний ҳужжатга киритиш керакми ёки йўқми, дея баҳслашаётган бир пайт, жаҳоннинг уч энг йирик энергия ишлаб чиқарувчиси, бир-биридан минглаб километр масофада жойлашган Хитой, АҚШ ва Россия нефть қазиб олишни кўпайтириш бўйича келишувга эришди, – дея хулоса қилган “Politico”.
С.Раҳимов,
ЎзА шарҳловчиси