Кўчирмачи туфайли вазир ишдан кетди
Жанубий Кореяда университетга кириш имтиҳонида фирибгарликнинг олдини олиш учун кўрилган шошилинч чора жиддий шов-шув келтириб чиқарди. Оқибатда таълим вазири Чхве Гё Жин лавозимини тарк этди. У имтиҳонга тайёргарлик етарли бўлмагани, зарур чора сўнгги дақиқаларда жорий этилгани учун масъулиятни ўз зиммасига олди. Президент Ли Чжэ Мён истеъфони қабул қилган.
Можарога солиқ ҳисоби бўйича имтиҳонда энг юқори натижа кўрсатган 34 ёшли Хан Вон Сокнинг иқрори сабаб бўлди. У яширин камера билан саволларни суратга олиб, сунъий интеллектга юборгани, кейин жавобларни телефонида текширганини тан олди. Шу воқеадан сўнг ҳукумат ҳар йили ўтказиладиган университетга кириш имтиҳонида кўчириш ҳолатларининг олдини олишга киришди.

Ўша куни мамлакат бўйлаб телефонларга уч марта фавқулодда огоҳлантириш хабари юборилди. Ҳатто овозсиз режимдаги телефонлар ҳам бир вақтда жаранглади. Шу тариқа имтиҳонда кўчиришни аниқлашга қаратилган миллий огоҳлантириш тизимидан илк бор фойдаланилди. Номзодлар кўзойнакларни текширди, кийим тугмаларини ёпди. Айрим ўқувчилар ақлли кўзойнак таққанликда гумон қилинмаслик учун одатий кўзойнак ўрнига контакт линза тақди. Бу йилги имтиҳонда қарийб 500 000 киши қатнашди, 111 номзоддан рухсат этилмаган ақлли қурилмалар топилди.
Мусулмон Зиё, ЎзА