Бир мураккаб амалиёт — катта имкониятлар ифодаси
Замонавий тиббиётнинг имкониятлари инсон ҳаёти учун энг мураккаб ва масъулиятли вазиятларда намоён бўлади. Илгари катта жарроҳлик аралашувини талаб қилган айрим ҳолатлар бугун мини-инвазив технологиялар орқали беморга нисбатан кам жароҳат етказган ҳолда самарали даволаш имконини бермоқда. Бухоро вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида амалга оширилган навбатдаги мураккаб амалиёт ҳам ана шундай юксак тиббий салоҳиятнинг амалий ифодасидир.
Вена кава фильтри — қон оқими билан силжиб, ўпка томирларига тушиши мумкин бўлган тромбларни ушлаб қолишга хизмат қиладиган махсус тиббий мослама. Шу боис уни ўрнатиш айрим клиник ҳолатларда ҳаёт учун хавфли асоратларнинг олдини олишга қаратилган муҳим даволаш чораларидан бири ҳисобланади.

Эътиборлиси, мазкур амалиётнинг мини-инвазив усулда бажарилиши бемор учун жарроҳлик аралашувининг нисбатан енгил кечиши, тикланиш жараёнининг қулайроқ ташкил этилиши ва даволаш самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Бу оддий бир тиббий муолажа эмас. Унинг замирида замонавий тиббий ускуналар, йиллар давомида шаклланган касбий тажриба, жамоавий ёндашув ва энг муҳими — инсон ҳаётини асраб қолишдек улуғ мақсад мужассам.

Бугун Ўзбекистонда тиббиёт соҳасини замонавий босқичга олиб чиқиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш, юқори технологияли операцияларни ҳудудларнинг ўзида бажариш имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири ҳам тиббий муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий диагностика ва даволаш усулларини амалиётга кенг жорий этиш, малакали кадрлар салоҳиятини оширишдан иборат. Бу жараёнларнинг натижаси нафақат пойтахтдаги йирик тиббиёт муассасаларида, балки вилоятларда ҳам тобора яққол намоён бўлмоқда.

Бухоро вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида бажарилаётган мураккаб ва юқори технологик амалиётлар ҳам ана шу эзгу мақсаднинг ҳаётдаги ифодасидир. Эндиликда беморларнинг айрим мураккаб касалликлар бўйича даволаниш учун узоқ ҳудудларга бориш эҳтиёжи камайиб, зарур тиббий ёрдамни ўз вилоятида олиш имкониятлари кенгаймоқда.
Тиббиётда ҳар бир операция — алоҳида тарих. Ҳар бир бемор эса шифокор учун оддий статистик кўрсаткич эмас, балки ишонч билдирган инсон тақдиридир. Айниқса, кекса ёшдаги беморда мураккаб жарроҳлик амалиётини бажариш шифокорлардан янада катта масъулият ва эҳтиёткорликни талаб этади. Шу маънода мазкур амалиёт нафақат тиббий технологиянинг имкониятини, балки мутахассисларнинг касбий маҳоратини ҳам намоён этди.

Замонавий тиббиётнинг энг катта ютуғи ҳам шунда — инсон ҳаёти учун курашда вақтни бой бермаслик, хавфни олдиндан кўра билиш ва илмий-технологик имкониятларни амалиёт билан уйғунлаштириш.
Бугунги шифохона — бу фақат бемор даволанадиган маскан эмас. У ерда илм, тажриба, технология ва инсонпарварлик бир нуқтада бирлашади.
Бухоро вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида амалга оширилган мазкур мураккаб мини-инвазив амалиёт ҳам ана шу ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири