Бекободда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати оширилмоқда
Бекобод туманининг олис ва чегара ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли учун тиббий хизматлар сифатини ошириш, замонавий ва қулай шароитлар яратиш борасида амалий ишлар давом этмоқда.
Мамлакатимиз Мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида мазкур тумандаги “Қолғонсир” ва “Парчаюз” оилавий шифокорлик пунктлари мукаммал таъмирдан сўнг фойдаланишга топширилди. Янгиланган тиббиёт муассасаларининг очилишига бағишланган тадбирда вилоят ва туман миқёсидаги масъуллар, нуронийлар, депутатлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда қайд этилганидек, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, айниқса, чекка ҳудудларда яшовчи фуқароларга тиббий хизматларни яқинлаштириш соғлиқни сақлаш тизимидаги муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан оилавий шифокорлик пунктларини таъмирлаш, уларни зарур тиббий жиҳозлар билан таъминлаш ва хизмат турларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айни пайтда “Қолғонсир” оилавий шифокорлик пунктида 2 минг 300 нафар, “Парчаюз” оилавий шифокорлик пунктида эса 3 минг 600 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатилади. Мукаммал таъмирдан сўнг муассасаларда аҳоли учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Жумладан, шифокор олди хоналари, кундузги шифохона, аёллар маслаҳатхонаси ва эмлаш хоналари ташкил этилди.

Шунингдек, стоматология хизмати йўлга қўйилиб, тиббиёт пунктлари замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Аҳолига зарур дори-дармонларни ўз вақтида етказиб бериш мақсадида бепул дори воситалари захираси ҳам шакллантирилди.
Муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва таъмирлаш ишлари Инвестиция дастури доирасида амалга оширилди. Хусусан, “Қолғонсир” оилавий шифокорлик пунктини мукаммал таъмирлаш учун 1,5 миллиард сўм, “Парчаюз” оилавий шифокорлик пункти учун эса 1,7 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Янгиланган тиббиёт муассасалари нафақат биноларни таъмирлаш, балки чекка ҳудудларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш, профилактика ва эрта диагностика ишларини кучайтиришга хизмат қилади.

Айниқса, олис ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли учун тиббий хизматларнинг ўз маҳалласига яқинлаштирилиши вақт ва ортиқча харажатларни тежаш, касалликларни барвақт аниқлаш ҳамда зарур тиббий ёрдамни тезкор кўрсатиш имконини беради.
А.Мусаев,ЎзА