Беҳзод Собиров: Энергия ресурсларининг беҳуда сарфланишига йўл қўйилмайди
Юртимизда аҳоли ва истеъмолчиларни электр энергияси ҳамда табиий газ билан барқарор ва ишончли таъминлаш, энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш, тармоқлардаги йўқотишларни камайтириш ва мавжуд муаммоларни тезкор бартараф этиш бўйича амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Бу борада ҳудудларда электр ва газ таъминоти тизимларининг техник ҳолатини чуқур ўрганиш, аниқланган муаммоларни бартараф этиш, мавжуд инфратузилмани модернизация қилиш ва тизимни рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Шу билан бирга, энергия ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, тармоқлардаги йўқотишларни камайтириш бўйича ҳам тизимли чора-тадбирлар кўриляпти.
Бу ҳақда “Ўзэнергоинспекция” бошлиғи ўринбосари Беҳзод Собиров қуйидагиларни маълум қилди:
– Президентимиз томонидан соҳада энергия ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, аҳоли ва истеъмолчиларни барқарор энергия билан таъминлаш, мавжуд муаммоларни жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва уларга аниқ ечим топиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилган. Биз ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудларда ишчи гуруҳлар ташкил этиб, муаммоларни бевосита жойида ўрганиш ва уларни бартараф этишга қаратилган амалий ишларни олиб боряпмиз.
Бугунги кунда мазкур ишчи гуруҳлар томонидан жойлардаги электр ва газ таъминоти тизимларининг ҳолати танқидий-таҳлилий ўрганилмоқда. Аниқланган муаммоларни бартараф этиш, уларни келтириб чиқараётган омилларни бартараф қилиш ва тизим барқарорлигини таъминлаш бўйича амалий чоралар кўрилмоқда.
Биз учун энг муҳим масала – аҳоли манфаатларини таъминлаш. Шу боис, ҳар бир ҳудудда энергия таъминоти билан боғлиқ муаммоларни қоғозда эмас, бевосита жойига чиққан ҳолда ўрганиш, уларнинг аниқ сабабларини белгилаш ва бартараф этиш бўйича амалий натижага эришишга алоҳида эътибор қаратяпмиз.
Хусусан, Хўжайли туманида олиб борилаётган ўрганишлар давомида газ таъминоти тизимида технологик ва табиий йўқотишларни юзага келтираётган асосий омиллар аниқланмоқда. Мавжуд газ тақсимлаш пунктлари, магистрал ва тақсимловчи газ қувурларининг техник ҳолати чуқур ўрганиляпти. Бунда асосий вазифалардан бири – табиий газнинг беҳуда йўқотилишига йўл қўймаслик ва истеъмолчига етказиб берилаётган ресурс ҳажмини аниқ назорат қилишдир. Шу боис, газ сизиб чиқиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ер ости ва ер усти газ қувурларидаги сизиб чиқишлар замонавий махсус ускуналар ёрдамида аниқланиб, мавжуд носозликларни қисқа муддатларда бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Шу билан бирга, туманда газ таъминоти тизимини модернизация қилиш ишлари ҳам жадаллаштирилмоқда. Жумладан, уч босқичли газ тақсимлаш тизимини босқичма-босқич икки босқичли тизимга ўтказиш, техник жиҳатдан эскирган газ тақсимлаш пунктларини замонавий шкафли регуляторларга алмаштириш ҳамда табиий газ истеъмоли юқори бўлган маҳаллаларда газ босимини меъёрлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Тизимни рақамлаштириш масаласи ҳам доимий назоратимизда. Истеъмолчиларда ўрнатилган “ақлли” газ ҳисоблагичларнинг техник ҳолати, уларнинг тўғри ишлаши ҳамда маълумотларнинг марказий тизимга онлайн узатилиши мунтазам текшириляпти.
Бугунги кунда электр энергиясидан оқилона ва тежамкор фойдаланиш ҳам долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Сирдарё туманидаги ўрганишлар давомида кундузги вақтда ҳам айрим истеъмолчилар томонидан электр энергиясини эҳтиёжсиз равишда ёқиб қўйиш ва уни беҳуда сарфлаш ҳолатлари кузатилди. Бундай ҳолатларга йўл қўймаслик, истеъмол маданиятини ошириш ва ҳар бир киловатт-соатдан самарали фойдаланиш бўйича тушунтириш ишларини кучайтириш зарур.
Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида ҳам энергия барқарорлигини таъминлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ушбу ҳудудда амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, эришилаётган натижаларни таҳлил қилиш ва самарали тажрибаларни бошқа ҳудудларда ҳам татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратяпмиз.
Шу билан бирга, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига нисбатан муросасиз муносабатда бўлишимиз шарт. Навоий вилоятининг Нурота туманида ўтказилган назорат тадбирида “Т. У.” фермер хўжалигига қарашли сув насослари ўзбошимчалик билан электр тармоғига уланиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келингани аниқланди. Бунинг натижасида электр таъминоти корхонасига 954 миллион сўмлик зарар етказилган.
Бундай ҳолатлар нафақат тизимга иқтисодий зарар етказади, балки қонунга риоя қилаётган ҳалол истеъмолчиларнинг манфаатларига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига нисбатан назорат тадбирларини кучайтириш, аниқланган қоидабузарликларни қонун доирасида бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тизимли ишларни давом эттирамиз.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.