Даладаги ҳолат – вазир эътиборида
ОАВ ва ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирининг соҳага оид таҳлилий таклиф ва тавсиялари эътиборга тушган эди. Кимдир уни “пиар” дегувчилар ҳам бўлган. Лекин Иброҳим Абдураҳмонов мен вазирман деб идорада ўтириб олгани йўқ. Фарғона вилоятига сафар чоғи ўнлаб фермерлар даласида бўлди ва ҳар биридаги ҳолатга аниқ ташхис қўя олди. Пахта далаларидан сўнг такрорий экин аҳволи билан танишди.
Ёзёвон туманидаги Хонобод ММТП ҳудудида жойлашган “Зийнат бону” фермер хўжалигига қарашли 7 гектар майдонда ғалладан сўнг такрорий экин сифатида мошнинг 5 хил нави қўшқатор усулида, ҳар гектарига 18 килограммдан уруғ сарфи ҳисобида экилган эди. Мақсад энг юқори ҳосилдорлик кўрсаткичини қайд этган навни келгуси мавсумда кенгроқ майдонларда етиштириш бўлган.

Замонавий агротехник ёндашувларни қўллаш ва экинларни тизимли парваришлаш натижасида мазкур майдондан гектарига 30 тоннадан ортиқ ҳосил олиш мақсад қилинган. Шунда етиштирилган ҳосилнинг бир қисмини экспортга йўналтириш ҳам мумкин.
Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов мазкур фермер хўжалигида бўлиб, экинларнинг ривожланиш ҳолатини кўздан кечирди. Юқори ҳосилдорликка эришишда агротехник тадбирларни илмий асосланган тавсиялар асосида ташкил этиш муҳимлигини таъкидлади.


Шунингдек, экинларни парваришлаш самарадорлигини ошириш, ҳосилдорликни кўпайтириш ҳамда тажриба натижаларини келгуси мавсумда амалиётга кенг жорий этиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА