Экологик барқарорликни таъминлашда парламентнинг ўрни муҳокама қилинди
Шу кунларда юртимиз бўйлаб Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан турли тадбирлар ташкил этилмоқда. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси томонидан ўтказилган “Мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлашда парламентнинг роли” мавзусидаги илмий-амалий конференция ҳам истиқлолимизнинг 35 йиллик шодиёнасига бағишланди.
Конференцияда мамлакатимизда экологик соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, уларнинг самарали натижалари, шунингдек, соҳани янада ривожлантиришга қаратилган истиқболдаги вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик хавфсизликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Янги таҳрирдаги Конституциямизда экологик ҳуқуқлар мустаҳкамланиб, охирги ўн йилда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида 30 дан ортиқ қонунлар, шунингдек, мамлакатимиз тарихида илк бор Сув кодекси янги таҳрирда қабул қилинди. Мазкур ҳужжатлар мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган давлат сиёсатининг ҳуқуқий ва институционал асосларини янада мустаҳкамлади.

Ушбу ҳуқуқий асослар ижросини таъминлашда парламент назоратининг ўрни алоҳида аҳамиятга эга. Жумладан, “Ҳукумат соати”, парламент ва депутатлик сўровлари, қўмиталар томонидан қонунлар ижросини ўрганиш каби механизмлар қабул қилинган қонунларнинг амалиётда самарали ишлашини таъминлашга хизмат қилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ташаббуси билан экологик масалалар юзасидан ҳукумат аъзоларининг ахборотлари эшитилиб, парламент назоратининг таъсирчан шакллари изчил қўлланилаётгани қайд этилди.

Шунингдек, экологик барқарорликни таъминлашда давлат органлари ва парламентнинг илмий доиралар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда кенг жамоатчилик билан ҳамкорлигини янада кучайтириш зарурлиги қайд этилди. Экологик қонунчиликни мунтазам такомиллаштириб бориш ва унинг ижроси устидан самарали парламент назоратини таъминлаш Янги Ўзбекистон тараққиётида экологик барқарорликка эришишнинг муҳим шартларидан бири экани алоҳида урғуланди.
Конференция давомида олимлар ва тадқиқотчилар томонидан экологик қонунчиликни тизимлаштириш, атроф-муҳит мониторинги, чиқиндиларни бошқариш, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга оид қонунчиликни янада ривожлантириш юзасидан илмий-амалий таклифлар билдирилди ва якунда тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА