Ахборот-кутубхона маркази янги бинода
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги байрами арафасида Навбаҳор туман Ахборот-кутубхона марказининг замонавий янги биноси фойдаланишга топширилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар юртимизда китобхонлик маданиятини юксалтириш, аҳолига маънавий-маърифий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, айниқса, ёшларни китоб мутолаасига кенг жалб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтдилар.
Икки қаватли, замонавий ва барча қулайликларга эга бўлган кутубхона қурилишига “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси асосида 1 миллиард 300 миллион сўм маблағ сарфланди. Шунингдек, кутубхона фаолиятини янада самарали ташкил этиш, китобхонларга муносиб шароит яратиш мақсадида зарур жиҳозларни харид қилиш учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 250 миллион сўм маблағ ажратилди.

Янги бинода китобхонлар учун кенг ва шинам ўқув заллари, адабиётлар билан танишиш ва мутолаа қилиш учун қулай шароитлар яратилган. Бу эса марказнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаб, аҳолига замонавий талаблар асосида хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтирди.
Бугунги кунда марказнинг умумий фондида 35 150 нусха китоб мавжуд бўлиб, улардан 9 минг нафардан зиёд китобхон баҳраманд бўлмоқда.

Марказ ходимлари томонидан аҳолига хизмат кўрсатиш қамровини янада кенгайтириш мақсадида турли ҳудудлар ва муассасаларда китобхонлик тарғиботи йўлга қўйилган. Кўчма кутубхона хизмати орқали чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли, ёшлар ва китобсеварлар учун бадиий ҳамда илмий-оммабоп адабиётлардан фойдаланиш имкониятлари яратилган.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири