Автомашина хатланиб, савдога чиқарилди
Гулистон туманлараро иқтисодий судининг қарорига асосан қарздор “B.G.” МЧЖдан ундирувчи “Ипотека банк” фойдасига 1 миллиард 800 миллион сўм кредит қарздорлигини ундириш мақсадида амалга оширилган ижро ҳаракатлари натижасида “HOHAN” русумли юк автомашинаси хатланиб, 360 миллион сўм бошланғич нархда электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилди.
Мажбурий ижро бюросининг Сирдарё вилояти бошқармаси томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида қарздор корхонага тегишли мол-мулклар ўрганилиб, қарзни қоплашга қаратилган қонуний чоралар кўрилди. Натижада, ундирув жараёнида мазкур транспорт воситаси аниқланиб, хатловга олинди ва белгиланган тартибда баҳоланди.
Қонунчиликка мувофиқ, қарздорликни ундириш бўйича суд қарори ижросини таъминлаш банк ва бошқа кредит ташкилотларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилади. Суд қарори ижро этилиши эса Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан таъминланади.
– Шу ўринда эслатиб ўтиш жоиз, – дейди Бюронинг вилоят бошқармаси ходими Акбар Мўминов. – Кредит маблағлари тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва иқтисодий лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган бўлиб, уни ўз вақтида қайтариш қарз олувчининг қонуний мажбурияти ҳисобланади. Мажбурият бажарилмаган ҳолларда эса қонунчиликка мувофиқ суд ва ижро органлари орқали ундирув чоралари қўлланилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири