Андижон: инновацион саноат, “яшил” энергетика ва юқори инфратузилма
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи ҳудуднинг иқтисодий, ижтимоий ва инфратузилмавий қиёфасини тубдан ўзгартиришга қаратилган йирик ташаббуслар билан бой бўлди. Вилоятда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида, энг аввало, инновацияларни кенг жорий этиш, маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда юқори қўшилган қиймат яратишдек устувор мақсадлар мужассамлашган.

Бугун Андижоннинг транспорт ва логистика инфратузилмаси халқаро стандартларга мослаштирилиб, хавфсизлик ва ўтказувчанлик қуввати бир неча баробарга оширилмоқда.
Хусусан, 1,1 триллион сўмлик инвестиция эвазига Андижон халқаро аэропортининг учиш-қўниш йўлаги 3,3 километргача узайтирилиб, 4E тоифасига ўтказилди ҳамда 50 йил хизмат қилувчи цемент-бетон қоплама ётқизилди. Германиянинг юқори аниқликдаги ёритиш-сигнал тизими туфайли кўриш масофаси 300 метргача қисқарганда ҳам самолётларни қабул қилиш имкони яратилди. Қурилиши давом этаётган майдони 19,6 минг квадрат метрлик янги терминал соатлик хизмат кўрсатиш қувватини 1000 нафаргача ошириб, йиллик йўловчи оқимини 3,5 миллион нафарга етказишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, Бобуршоҳ кўчасида барпо этилган 271 миллиард сўмлик янги кўприк Андижон шаҳри ва Олтинкўл туманининг 140 минг аҳолиси учун ортиқча 5,3 километрлик йўлни тежаб, шошилинч тиббий ёрдам машиналарининг беморлар ҳузурига 14 дақиқа эртароқ етиб боришини таъминламоқда.
Марказий Осиёда ягона бўлган “Eco Cotton” корхонасида сунъий интеллект ёрдамида ишловчи ақлли тикув дастгоҳлари мато турига қараб жараённи ҳақиқий вақт режимида созласа, синов тариқасида гуманоид роботлар қўлланилмоқда.
Ташриф доирасида умумий қиймати 9,4 миллиард долларлик 206 та янги лойиҳа ишга туширилиши ва қурилишига старт берилди. Бу 45 мингга яқин янги иш ўрни ҳамда 533 миллион долларлик қўшимча экспорт имконияти деганидир.
Вилоят саноатида “яшил” энергетика ва ресурс тежовчи технологиялар устувор аҳамият касб этмоқда. “Andijon Jinlun yangi energiya” корхонаси 2027 йилдан бошлаб йилига кичик ГЭСлар учун турли жиҳоз ва ускуналар ишлаб чиқаришни режалаштирган бўлса, Балиқчи туманидаги “Chinobod real biznes” корхонасида интенсив усулда балиқ чавоғи гўшти етиштирилмоқда. Бу ерда электр энергияси тўлиқ қуёш панелларидан олинади, сув эса хлорелла сув ўти ёрдамида тозаланиб, экинларни суғоришга йўналтирилади. Қолаверса, 2026 йилнинг ўзида вилоятда 47,4 МВт қувватли қуёш панеллари ва ўнлаб кичик ГЭСлар ишга туширилди.
Қишлоқ хўжалигида Шинжон усулида чигитни плёнка остига қўш қаторлаб экиш ва томчилатиб суғориш орқали сув сарфи 40 фоизга, ўғит сарфи 30 фоизга тежалиб, ҳосилдорлик анъанавий 35 центнердан 70 центнергача оширилди. Ушбу жараёнда кадрлар муаммосини ҳал этиш учун “Ipak yoʻli” саноат зонасида 15 миллион долларлик “Andijon-Huanya” халқаро техникуми ташкил этилиб, талабалар назарияни ўқиш билан бирга саноат зонасидаги корхоналарда амалиёт ўтамоқда.
Бу каби лойиҳалар ва манзилли ижтимоий дастурлар натижасида жорий йилнинг 9 ойида 419 минг аҳоли бандлиги таъминланди, ишсизлик 4,5 фоизга тушди ва ичимлик суви таъминоти даражаси 92,4 фоизга етказилди.
Президент ташрифи доирасида амалга оширилиши белгиланган лойиҳалар, вазифалар эса Андижон вилоятининг барқарор иқтисодий ўсиши ва аҳоли фаровонлиги учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Фарҳодбек ОТАХОНОВ,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари.