Аҳоли осойишталигини таъминлаш масъул ходимлардан қатъий интизом ва масъулият талаб этади
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида видеоселектор шаклида таҳлилий-танқидий йиғилиш ўтказилди.
ИИББ бошлиғи Равшан Султонхўжаев бошқарган йиғилишда бошлиқ ўринбосарлари, соҳавий хизматлар раҳбарлари, пойтахтдаги барча туман ички ишлар органлари (ИИО) фаолиятни мувоифқлаштириш бўлинмаси (ФМБ) раҳбарияти ҳамда Эксперт-криминалистика маркази ходимлари иштирок этди.
Унда ички ишлар органлари фаолиятининг муҳим йўналишлари, жумладан, эксперт-криминалистика хизматининг имкониятларидан самарали фойдаланиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, содир этилган жиноятларни фош этиш, қидирувдаги шахсларни ушлаш ҳамда хизмат фаолиятида йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Эксперт-криминалистика маркази фаолияти, унинг мавжуд имкониятлари ва туман бўлинмалари томонидан амалга оширилган ишлар таҳлилида жиноятларни тезкор ва сифатли фош этишда эксперт-криминалистика хизматининг ўрни беқиёслиги қайд этилди. Ҳодиса жойидан олинган далилларни пухта ўрганиш, уларга илмий асосланган хулоса бериш ҳамда замонавий криминалистик усуллардан самарали фойдаланиш жиноятларни очишда муҳим аҳамият касб этади.

Шу боис ҳар бир эксперт ўз устида мунтазам ишлаши, назарий билимларини бойитиб, амалий кўникмаларини такомиллаштириб бориши шартлиги алоҳида таъкидланди.
Янги турдаги экспертизаларни ўтказиш ҳуқуқини берувчи рухсатномаларни олиш, касбий малакасини ошириш ва замонавий илмий-техник имкониятларни ўзлаштириш орқали хизмат самарадорлигини юксалтириш зарурлиги қайд этилди.
Соҳа ходимларидан ҳар бир экспертизага юксак масъулият билан ёндашиш, хулосаларнинг холислиги ва илмий асосланганлигини таъминлаш, мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш талаб этилди. Ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариб, самарали натижаларга эришаётган ходимлар Бош бошқарма бошлиғи томонидан алоҳида эътироф қилинди.

Пойтахт туманларида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларга қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар ҳам танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди.
Ҳудудларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, профилактик ишларнинг таъсирчанлигини ошириш ҳамда хизмат вазифаларини самарали ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Объектлар ва хонадонларни қўриқловга олиш ишларининг ҳолати, бу борада белгиланган вазифаларнинг ижроси ҳамда тунги хизмат фаолияти учун масъул раҳбар ўринбосарлари томонидан йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилинди.
Аниқланган муаммоларни бартараф этиш, хизмат устидан назоратни кучайтириш, ҳар бир раҳбарнинг шахсий масъулиятини ошириш ва белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Йиғилиш давомида Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ томонидан амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар билан бир қаторда, йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, содир этилган жиноятларни фош этиш, қидирувдаги шахсларни аниқлаш ва ушлаш, кибержиноятларга қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш ҳамда пробация назоратидаги шахслар билан олиб борилаётган ишларнинг самарадорлиги таҳлил этилди. Ушбу йўналишларда амалга оширилаётган чора-тадбирларни янада кучайтириш, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш, профилактик ишларни манзилли ташкил этиш ва ҳар бир натижа учун масъулиятни ҳис қилиш зарурлиги таъкидланди.
Таҳлил жараёнида йўл қўйилган камчиликларга нисбатан танқидий ёндашилиб, уларни келтириб чиқарган сабабларни аниқлаш ва бартараф этиш, келгусида бундай ҳолатларнинг такрорланишига йўл қўймаслик масалаларига эътибор қаратилди.
Туманида ўз вазифаларига лоқайдлик билан қараган ва хизмат интизомини қўпол равишда бузган 6 нафар ходимга интизомий таъсир чоралари кўрилди.

Хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариб, фаолиятида муносиб натижаларга эришган 11 нафар ходим эса Бош бошқарма бошлиғи томонидан тақдирланди. Бу каби эътирофлар ходимларнинг касбий масъулиятини ошириш, хизматга бўлган садоқатини мустаҳкамлаш ва жамоада соғлом рақобат муҳитини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши самарали курашиш ва аҳоли осойишталигини таъминлаш ҳар бир ходимдан юксак касбий маҳорат, қатъий интизом ва шахсий масъулиятни талаб этади. Ҳар бир раҳбарнинг талабчанлиги, ҳар бир ходимнинг ҳалол ва фидокорона хизмати эса пойтахтда хавфсиз муҳитни таъминлашнинг муҳим гаровидир.
Н.Абдураимова, ЎзА