Наманганда замонавий тиббий амалиётлар жорий этилмоқда
Инфаркт ва инсультга қарши курашиш миллий дастури доирасида Наманган вилоятида юқори технологик тиббий амалиётлар ва халқаро тажриба алмашинуви давом этмоқда.
Ана шундай амалиётлардан бири Республика кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалида испаниялик эндоваскуляр жарроҳ Антон Хилчук иштирокида ўтказилди. Жараёнда маҳаллий мутахассислар ҳам қатнашиб, замонавий тиббий усулларни амалиётда қўллаш бўйича тажриба орттирди.
Хусусан, 59 ёшли беморда уйқу артерияларини стентлаш амалиёти бажарилди. Ушбу муолажа қон томирларида қон оқимини яхшилаш ва инсульт хавфини камайтиришга қаратилган бўлиб, юқори малакали мутахассислар ҳамда замонавий тиббий технологияларни талаб этади.
Жарроҳлик амалиётидан сўнг соҳа мутахассислари иштирокида маҳорат дарси ҳам ташкил этилди. Унда юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларни эрта аниқлаш, скрининг текширувларини самарали ташкил этиш, инфаркт ва инсульт ҳолатларида шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш масалалари муҳокама қилиниб, ўзаро тажриба алмашилди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 20 январдаги «Ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларнинг олдини олиш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида Фарғона водийсида ушбу касалликларнинг олдини олиш, эрта ташхислаш ва беморларга ўз вақтида юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
[gallery-31931]
Бу борада юқори технологик тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, жумладан, давлат тиббий суғуртаси механизмлари асосида замонавий жарроҳлик амалиётларини йўлга қўйиш аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларнинг оғир асоратларини камайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА