1,7 триллион сўмлик ижтимоий мадад: кимлар ва қанча ёрдам олади?
Энергия ресурслари нархларини босқичма-босқич бозор тамойилларига ўтказиш жараёнида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш чоралари кенгайтирилмоқда.
Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан ишлаб чиқилган дастур доирасида куз-қиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларга бешта асосий йўналиш бўйича қўшимча ёрдам кўрсатилади. Бу мақсадлар учун жами 1,7 триллион сўм йўналтирилади.
Газ етиб бормаган хонадонлар учун электр энергияси меъёри оширилади
2026 йил 1 ноябрдан газлаштирилмаган хонадонлар учун иситиш мавсумида электр энергиясининг ойлик базавий меъёри 200 киловатт-соатдан 350 киловатт-соатгача оширилади. Натижада 1,5 миллион хонадон ихтиёрида жами 171 миллиард сўм маблағ қолиши кутилмоқда. Бу ҳар бир хонадон учун ўртача 114 минг сўмлик қўшимча енгилликни англатади.
Бир миллиондан ортиқ оилага бир марталик моддий ёрдам берилади
Ноябрь ойида эҳтиёжманд оилаларга 1 миллион сўмдан бир марталик ёрдам кўрсатиш учун жами 1 триллион сўм ажратилади.
Ёрдам олувчилар қаторига Ижтимоий реестрга киритилган оилалар, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаётган хонадонлар, оилавий болалар уйлари ҳамда парваришга муҳтож шахслар киради. Шунингдек, маҳалла тавсияси асосида жон бошига тўғри келадиган ойлик даромади 1 миллион 430 минг сўмгача бўлган оилалар ҳам қўллаб-қувватланади.
Марказий иситиш тизимидан фойдаланувчи оилаларга ҳам ёрдам берилади. Бу тоифа учун жон бошига даромад мезони ҳудудларда 1 миллион 430 минг сўм, Тошкент шаҳрида эса 2 миллион 145 минг сўм этиб белгиланган.
Эътиборли жиҳати, ёрдам олувчиларнинг қарийб 44 фоизини, яъни 444 минг оилани Ижтимоий реестрга киритилмаган, бироқ моддий кўмакка муҳтож хонадонлар ташкил этади.
Компенсация олиш имконияти кенгайтирилади
Ижтимоий реестрга киритилмаган оилалар учун электр энергияси ва газ харажатлари компенсациясини олишдаги даромад мезони ҳам ўзгартирилади. Жон бошига ойлик даромаднинг энг юқори чегараси 1 миллион 72 минг сўмдан 1 миллион 430 минг сўмгача оширилади.
Худди шу даромад мезони кўмир харажатлари ҳамда “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан коммунал тўловларни қоплашда ҳам қўлланилади.
Ушбу ўзгаришлар натижасида қўшимча 166 минг оилани қамраб олиш режалаштирилган. Бунинг учун 77 миллиард сўм ажратилади. Ҳар бир оилага ўртача 464 минг сўмлик ёрдам тўғри келади.
Коммунал тўловлар учун компенсация муддати узайтирилади
Базавий меъёр доирасидаги ва ундан ортиқ электр энергияси ҳамда газ истеъмоли учун белгиланган нархлар ўртасидаги фарқни қоплаш механизми яна бир йил давом эттирилади. Хусусан, компенсация тўлаш муддати 2027 йил 1 апрелдан 2028 йил 1 апрелгача узайтирилади.
Бу чора доирасида 470 минг оилага жами 150 миллиард сўм тўлаб берилади. Ҳар бир оила учун йиллик компенсация ўртача 319 минг сўмни ташкил этади.
Уй-жойларни энергия тежамкор қилишга ҳам маблағ ажратилади
Дастурда фақат жорий коммунал харажатларни енгиллаштириш эмас, балки келгусида энергия истеъмолини камайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Шу мақсадда “оғир” маҳаллалардаги “давлат таъминотидаги оила” тоифасига кирувчи 3 мингта хонадонда девор ва томлар иссиқлик изоляцияси билан қопланади. Шунингдек, энергия тежамкор эшик ва деразалар, қуёш панеллари ёки гелиоколлекторлар ўрнатилади.
Ушбу ишлар учун 240 миллиард сўм ажратилиб, ҳар бир хонадонга ўртача 80 миллион сўмдан маблағ йўналтирилади. Натижада уйларда иссиқликни сақлаш имконияти яхшиланиб, энергия сарфи ва коммунал тўловларни камайтиришга шароит яратилади.
Шундай қилиб, белгиланган бешта йўналиш эҳтиёжманд оилаларнинг бугунги харажатларини енгиллаштириш билан бирга, келгусида энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш имкониятларини ҳам кенгайтиришга қаратилган. Ислоҳотлар доирасида жами 1,7 триллион сўм қўшимча ёрдам ажратилиши аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА