Аҳил жамоа – самарали хизмат кафолати
Ҳар қандай тизимнинг муваффақияти аввало инсон омилига, жамоадаги соғлом психологик муҳит ва ўзаро ишончга боғлиқ. Жазони ижро этиш муассасаларида хизмат олиб бораётган ходимларнинг руҳий барқарорлиги, касбий фаолиятга масъулият билан ёндашиши ва аҳил жамоада меҳнат қилиши эса бу борадаги устувор вазифалардан саналади.
Мамлакатимизда инсон қадрини юксалтириш, аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш ва психологик хизматлар сифатини оширишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 5 ноябрда қабул қилинган “Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Қонунида психологик ёрдам тизимини такомиллаштириш, шахснинг руҳий барқарорлигини мустаҳкамлаш ва психологик хизматлар самарадорлигини ошириш муҳим вазифа сифатида белгиланган.

Ана шу эзгу мақсадлар ижроси доирасида Жазони ижро этиш департаменти бошлиғининг тегишли фармойишига асосан жорий йилнинг 1–30 июнь кунлари тизимда “Соғлом оила — барқарор хизмат, аҳил жамоа” шиори остида “Психологик кўмак ва ҳамжиҳатлик” ойлиги ўтказилмоқда.

Мазкур ойлик доирасида Учинчи минтақавий ҳудуд 30-сонли манзил-колониясида ҳам қатор маънавий-маърифий ва психологик тадбирлар ташкил этилди. Уларни ўтказишда Республика Маънавият ва маърифат маркази Жиззах вилояти бўлими психологлари фаол иштирок этишди.

Тадбирларнинг асосий мақсади хизмат жамоаларида ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлаш, ходимларнинг психологик барқарорлигини ошириш, соғлом муносабатлар ва ҳамжиҳатликни қарор топтиришдан иборат бўлди.
Шу мақсадда ташкил этилган “Ишонч ва елкадошлик” мавзусидаги амалий тренинг иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Машғулотлар давомида бўлим ва хизматлар ўртасида юзага келиши мумкин бўлган турли низоли ҳолатларнинг олдини олиш, ўзаро ҳамжиҳатликни кучайтириш ҳамда жамоавий ишлаш кўникмаларини ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Амалий топшириқлар эса иштирокчиларнинг бир-бирига ишончи ва елкадошлик ҳиссини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Ойлик доирасида ўтказилган яна бир муҳим тадбир — “Психолог ва ёш ходим” мавзусидаги очиқ мулоқот бўлди. Унда тизимга яқинда қабул қилинган ёш ходимлар иштирок этишди. “Стрессга енгилмаймиз — хизматда чарчамаймиз” мавзусида ташкил этилган учрашувда мутахассислар хизмат фаолиятига тез ва самарали мослашиш, касбий босимларни енгиб ўтиш, жамоада ўз ўрнини топиш ҳамда ҳамкасблар билан соғлом муносабатларни шакллантириш юзасидан муҳим тавсиялар беришди.
Таъкидланганидек, хизмат самарадорлигини таъминлашда фақат моддий-техник имкониятлар эмас, балки жамоадаги маънавий муҳит ва психологик барқарорлик ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Зеро, ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик ҳукм сурган жамоада меҳнат унумдорлиги ортади, масъулият ҳисси мустаҳкамланади ва хизмат сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири