“Ўзэнергоинспекция”: 6,5 миллиард сўмдан ортиқ қонунбузарлик қайд этилди
Энергетика ресурсларидан самарали ва қонуний фойдаланишни таъминлаш, тармоқларда хавфсизлик талабларига риоя этилишини кучайтириш ҳамда энергия ресурслари йўқотилишининг олдини олиш бўйича назорат тадбирлари изчил давом эттирилмоқда. Жойларда ўтказилаётган ўрганишлар давомида электр энергияси ва табиий газдан ноқонуний фойдаланиш, техник талабларни бузиш ҳамда хавфсизлик қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ қатор ҳолатлар аниқланмоқда.
“Ўзэнергоинспекция” ахборот хизмати раҳбари Наврўз Норбобоевнинг таъкидлашича, энергетика соҳасида назорат тадбирларини кучайтириш энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш ва тизим барқарорлигини сақлашда муҳим аҳамиятга эга.
– Энергетика ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш, ҳисоблаш ускуналарига аралашиш ёки техник талабларга амал қилмаслик иқтисодий йўқотишларга ва хавфсизлик билан боғлиқ жиддий оқибатларга олиб келади. Шу боис ҳар бир ҳолат юзасидан қонунчилик доирасида тегишли чоралар кўрилмоқда, – деди у. – Шу ўринда, сўнгги ўтказилган назорат тадбирлари натижасига эътибор қаратсак.
Унга кўра, Нукус шаҳрида ўтказилган текширувда Ободонлаштириш бошқармасига қарашли бинода электр қурилмалари ўзбошимчалик билан тармоққа уланиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келингани маълум бўлди. Ушбу ҳолат натижасида электр таъминоти корхонасига 787 миллион сўмлик зарар етказилган.
Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида жойлашган хусусий корхонага қарашли автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасида ўтказилган ўрганишлар давомида ёқилғи тарқатиш устунлари давлат қиёслов кўригидан ўтмасдан фаолият юритиб келгани аниқланди. Мазкур ҳолат бўйича амалдаги тартибларга мувофиқ реализация қилинган нефть маҳсулоти ҳажмининг 50 фоизи миқдорида, яъни 29,7 миллион сўм жарима қўлланилди.
Жиззах вилоятидаги энергетика объектларида олиб борилган таъмирлаш ишлари ҳам назоратдан ўтказилди. Хусусан, Дўстлик туманидаги 110/35/10 кВ “Дўстлик” подстанциясида таъмирлаш ишларини амалга ошираётган бригада иш жойини тайёрламаган ҳолда хавфсизлик техникаси қоидаларига зид равишда иш юритаётгани аниқланди. Мазкур ҳолат бўйича бригада иш жойидан четлаштирилди.
Шу билан бирга, Тошкент вилоятида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ йирик қоидабузарликлар қайд этилди. Янгийўл туманидаги “Н.М.С.” МЧЖга қарашли АГТКШда ҳисоблаш ускунасига ташқи таъсир кўрсатиш туфайли 1 миллиард 908 миллион сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланилган. Ушбу ҳудудда жойлашган яна бир АГТКШда ҳам худди шундай ҳолат аниқланиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра етказилган зарар 1 миллиард 898 миллион сўмни ташкил қилди.
Бекобод туманида жойлашган газ тўлдириш шохобчасида эса ҳисоблаш ускунасидаги тамғаларга ташқи таъсир кўрсатиш оқибатида 1 миллиард 876 миллион сўмлик табиий газдан ноқонуний ишлатилган.
Сурхондарё вилоятида ўтказилган назорат тадбири давомида эса бир корхона томонидан сертификатлаштирилмаган энергетика ускуналаридан фойдаланиш ҳолати аниқланди. Қонунчилик талаблари асосида ушбу ҳолат бўйича 25,1 миллион сўм миқдорида иқтисодий санкция қўлланилди.
Якуний таҳлилларга кўра, ўтказилган назорат тадбирлари натижасида аниқланган ҳолатлар бўйича жами 6 миллиард 523 миллион 800 минг сўмлик қонунбузарлик ва иқтисодий йўқотишлар қайд этилган. Бундай назорат тадбирлари эса энергия ресурслари йўқотилишини камайтириш, тизим барқарорлигини таъминлаш ҳамда истеъмол маданиятини оширишда муҳим ўрин тутади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА