Адолат Йўлдошева: «Бугунги ҳаётимдан розиман»
75 ёшни қаршилаган Адолат Йўлдошева Фарғона вилояти Бувайда туманида истиқомат қилади. Умрининг 30 йилини болалар боғчасида тарбиячи бўлиб, ёш авлод тарбиясига бағишлаган.
Бугун эса 12 нафар набираси ва 5 нафар чевараси даврасида фарзандларининг камолини кўриб, шукроналик билан яшамоқда.
Адолат аянинг ҳаёт ҳақидаги мулоҳазаларида Ватанга меҳр, фарзандлар бахти ва юртимиздаги ўзгаришларга бўлган самимий муносабат яққол сезилади.
– Бугун ортимга қараб, бир умрлик меҳнатимдан мамнунман, – дейди ая ғурурланиб. – Айниқса, бугун 12 нафар набира, 5 нафар чеваранинг бувиси бўлиб ўтирганимда, ҳаётнинг энг катта бойлиги — фарзандлар, уларнинг камоли ва тинчлиги эканини яна бир бор ҳис қиламан.
Бугунги ёшларга қараб, «Биз кўрмаган имкониятларни улар кўряпти», деб қувонаман. Ёшларнинг ўқиши, касб-ҳунар эгаллаши, замонавий билим олиши, хорижий тилларни ўрганиши, ўз истеъдодини намоён қилиши учун яратилаётган шароитлардан хурсанд бўламан. Келинларим ҳам ўқимишли, билимли. Уларнинг фарзандлар тарбияси ва оилага бўлган муносабатини кўриб, замон ўзгаргани сари аёлларимизнинг дунёқараши, имкониятлари ҳам кенгайиб бораётганини кўраман.
Мен ҳаётим давомида кўп ўзгаришларга гувоҳ бўлдим. Бугун Ўзбекистонда шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси ўзгариб, янги мактаблар, боғчалар, замонавий уй-жойлар, йўллар барпо этилаётгани, ёшлар учун янги-янги имкониятлар очилаётгани мени қувонтиради. Энг муҳими, фарзандларимиз ўз орзусини юртимизда амалга ошириш учун ҳаракат қила оладиган даврда яшаяпти.
Мен хорижий давлатларга борган пайтларимда ҳам Ўзбекистоннинг қадрини янада чуқур ҳис қилганман. «Қаердан келдингиз?» деб сўрашганда, «Ўзбекистонданман», деганимда, баъзилари «Имом Бухорийнинг юртидан келдингизми?» деб қизиқиш билдирган. Шунда қалбимда қандайдир фахр уйғонади. Ҳа, мен ана шу буюк алломалар юртининг фарзандиман, деб ғурурланаман.
Ватанни севиш — баланд гаплар билан эмас, унинг ҳар бир кунини қадрлаш, тинчлигини асраш, фарзандларини яхши тарбиялаш, ҳалол меҳнат қилиш билан намоён бўлади, деб ўйлайман.
Бугунги байрам кунларида барча юртдошларимга энг аввало, тинчлик-хотиржамлик, оилавий бахт ва саломатлик тилайман. Юртимиздаги бугунги осойишта ҳаёт, яратилаётган имкониятлар ва эртанги кунга бўлган ишонч доимо барқарор бўлсин.
Менинг энг катта тилагим — фарзандларимиз, невара-ю чевараларимиз шу юртда тинч ва бахтли яшасин. Ўзбекистон янада обод бўлсин, ёшларимиз биздан кўра кўпроқ имкониятларга эга бўлиб, Ватанимиз номини дунёга танитсин.
75 ёшга кирган инсон сифатида бир нарсани ишонч билан айтаман: тинчлик бор жойда барака бор, меҳнат бор жойда тараққиёт бор, Ватанга меҳр бор жойда эса келажак бор.
Нигора Раҳмонова, ЎзА