Ўзбекистон барчамизни бирлаштирган Ватан (+видео)
Ўзбекистонда турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик юртимиз тараққиётининг муҳим омили бўлиб келмоқда.
Ўзбекистон рус миллий маданий маркази раиси Сергей Миронов ҳам бугунги кунда мамлакатимизда яратилган бағрикенг ва дўстона муҳит, барча миллат вакилларига бўлган эътибор ҳақида ўз фикрларини билдирди:
— Бугун Ватанимизда яшаётган барча халқлар, турли миллат вакиллари юртимизнинг 35 йиллик қутлуғ байрамини катта қувонч билан кутиб олмоқда.
35 йил кўпми ёки камми — буни айтиш қийин. Лекин шу давр мобайнида республикамизда жуда катта ўзгаришлар бўлганини дадил айта оламан. Бу ўзгаришлар барча жабҳаларда, жумладан, илм-фан, иқтисодиёт, тиббиёт ва бошқа соҳаларда ҳам яққол намоён бўлди.
Буларнинг барчаси, Президентимиз таъкидлаганларидек, юртимизда яшаётган кўплаб миллат вакилларининг ҳам меҳнати, фидойилиги ва ҳиссаси натижасидир.
Шу ўринда Рус миллати марказининг ҳам мамлакатимиз ривожига қўшаётган алоҳида ҳиссасини таъкидлаб ўтмоқчиман. Бугунги кунда марказимизнинг 23 та бўлинмаси мавжуд бўлиб, улар шаҳар ва туманларда фаолият юритмоқда. Байрам арафасида ушбу бўлинмаларимиз томонидан турли тадбирлар ташкил этилди. Шунингдек, фаол юртдошларимиз кўкрак нишонлари билан тақдирланди.
Менимча, бу тақдирлашнинг ўзи инсонни янада руҳлантиради. Кўкрак нишонини олган кўпчилик: «Мен шу Ватанимиз равнақи учун яна нима қила оламан?» деган саволни ўз-ўзига берган бўлса, ажаб эмас. Чунки инсон меҳнати эътироф этилса, бу уни янада кўпроқ эзгу ишлар қилишга ундайди.
Мен яна бир муҳим жиҳатни таъкидламоқчиман: юртимизда яшаётган барча миллат вакилларининг мақсади битта — Ўзбекистоннинг тинчлиги, тараққиёти ва фаровонлигига ҳисса қўшиш.
Ўзбекистонда барча миллат ва элатлар ўртасидаги дўстлик ва тотувликни таъминлашга қаратилган оқилона сиёсат олиб борилмоқда. Ана шу сиёсат нафақат миллий маданий марказларни, балки юртимизда яшаётган барча халқларни бир мақсад атрофида бирлаштириб турибди.
Н.Раҳмонова,
О.Пардаев (видео),
С.Обиджонов (монтаж), ЎзА