Зулҳаё — тиниб-тинчимас, илғор ёшлардан бири
Юртимизда ёшларнинг билим ва салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, айниқса, иқтидорли қизларни рағбатлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Ана шундай юксак эътибор ва ғамхўрлик самараси ўлароқ, Ховос туманида туғилиб вояга етган иқтидорли ёш ижодкор — Зулҳаё Мингбоева Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳиби бўлди.
Зулҳаё 2008 йилда Ховос туманида туғилган. Бугунги кунда у Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабининг 11-синф ўқувчиси. Унинг адабиётга, айниқса, шеъриятга бўлган муҳаббати болаликданоқ шаклланган бўлиб, бугунга келиб у нафақат вилоят, балки республика ва халқаро миқёсда ҳам танилиб бораётган ёш қаламкашлардан бирига айланди.
Зулҳаёнинг ижодий ишлари мамлакатимиздаги қатор нуфузли нашрларда — “Сирдарё ҳақиқати”, “Янги Сирдарё”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Шарқ юлдузи”, “Ёшлар овози” каби газета ва журналларда мунтазам чоп этиб келинмоқда. Шунингдек, унинг шеърлари халқаро антология ва баёзларда ҳам ўрин олгани унинг ижодига бўлган қизиқиш ва эътибор юқорилигидан далолат беради.

Ёш ижодкорнинг “Истак” номли илк шеърий тўплами “Менинг биринчи китобим” лойиҳаси доирасида нашр этилган бўлса, “Кўклам қўшиғи” номли тўплами ҳам китобхонлар эътиборига ҳавола этилди.
Зулҳаё нафақат шеърият, балки илм-фан ва жамоатчилик ишларида ҳам фаол. У турли йилларда ўтказилган республика ва халқаро танловларда юқори натижаларни қўлга киритган. Жумладан, “Беш ташаббус” олимпиадаси доирасидаги “Мушоира” танловининг вилоят босқичида ғолиб бўлгани, “Ватан байроғи” республика танловида биринчи ўринни эгаллагани, ижодий олимпиадаларда муваффақиятли иштирок этгани унинг иқтидори ва меҳнатсеварлигини яққол намоён этади.
Шу билан бирга, у Қирғизистон Республикасидаги қирғиз шоир ва ёзувчилар жамоат фонди аъзоси сифатида халқаро адабий муҳитда ҳам ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда. Туркия ва Мисрда чоп этилган антологияларда унинг шеърлари эълон қилингани эса унинг ижодий географияси тобора кенгайиб бораётганидан дарак беради.

Зулҳаё Мингбоева фақатгина ижод билан чекланиб қолмай, етакчилик қобилияти билан ҳам тенгдошларига ўрнак бўлиб келмоқда. У ташаббуси билан ташкил этилган “AtLasTeam” жамоаси орқали китобхонликни тарғиб қилишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилиб, юзлаб ёшлар жалб этилди.
Таълимда ҳам Зулҳаё юқори натижаларни қайд этмоқда. Она тили ва адабиёт фанидан ўтказилаётган олимпиадаларда муваффақиятли иштирок этиши билан бирга, инглиз тилидан B2 даражадаги миллий сертификатга эга.
Зулҳаёнинг Зулфия мукофотига сазовор бўлиши — унинг йиллар давомидаги меҳнати, изланиши ва ижодий интилишларининг муносиб эътирофи бўлди. Бу мукофот унга янги марралар сари илҳом бағишлаши, янада катта ютуқларга йўл очиши шубҳасиз.
– Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлганим мен учун катта шараф ва масъулиятдир, – дейди Зулҳаё Мингбоева. – Бу эътироф, аввало, менга ишонган устозларим, ота-онам ва мени қўллаб-қувватлаб келаётган барча инсонларнинг меҳнати самарасидир. Шунингдек, бу ютуқ мени янада кўпроқ изланишга, ўз устимда ишлашга ундайди. Шеърият мен учун қалбимдаги туйғуларни ифода этиш, Ватанга бўлган муҳаббатимни, инсонларга эзгулик улашиш истагимни сўз орқали етказиш воситасидир. Келгусида ҳам ижоддан тўхтамайман, юртимиз ёшларига муносиб ўрнак бўлишга ҳаракат қиламан. Менга билдирилган ишончни оқлаш, юртимиз шарафини янада юксакларга кўтариш — олдимга қўйган энг катта мақсадларимдан бири.
– Зулҳаё Мингбоева — мактабимиз фахри, – дейди мактаб директори, сенатор Покиза Аҳмеджонова. – У нафақат иқтидорли ўқувчи, балки юксак маънавиятли, интизомли ва мақсадга интилувчан ёшлардан бири сифатида ҳам ажралиб туради. Зулҳаёнинг Зулфия мукофотига сазовор бўлиши — унинг кўп йиллик меҳнати, изланишлари ва ижодий салоҳиятининг муносиб эътирофидир. Айниқса, унинг шеъриятга бўлган меҳри, сўзга эҳтироми ва миллий қадриятларга содиқлиги таҳсинга лойиқ. У турли танлов ва ижодий беллашувларда мактабимиз, вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда. Бу эса, ўз навбатида, ёшларимиз учун ибрат намунасидир.
– Зулҳаё бошқа ўқувчиларга қараганда ўзининг тиришқоқлиги, интизоми ва юксак мақсадлари билан ажралиб туради, – дейди ижод мактаби ўқитувчиси, Халқ таълими аълочиси, II даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби Моҳидил Зияева. – Унга қандай вазифа берилмасин, уни сидқидилдан бажаради. Қолаверса, синфдошлари ва мактабдошлари орасида ўз ўрнига эга. Адабиётга бўлган муҳаббати сабаб нафақат вилоятимизда, балки республикамиз ёшлари орасида ҳам кенг танилиб бормоқда.
Бугун ана шундай иқтидорли, интизомли ва ватанпарвар ёшлар камол топаётгани юртимиз келажагининг ишончли қўлларда эканидан далолат беради. Зулҳаё Мингбоева ана шундай ёшлар сафида муносиб ўрин эгаллаб, келажакда ҳам юртимиз шарафини юксакларга кўтаришига ишонч катта.
Ғулом Примов, Умид Обиджанов (сурат) ЎзА