Ҳеч ким ҳаёт бекатларида ёлғиз қолмасин, матонат эса ҳамиша ғолиб бўлсин
Бекат. Автобусни кутаётган одамлар. Кимдир телефонга тикилган, яна кимдир йўлдан кўз узмайди. Шу пайт бекатга бир йигит яқинлашади. У оёғидаги оқсоқлик сабаб қадамни оғир, бироз чайқалиб ташларди.
Бекатдаги бир неча ўсмирнинг нигоҳи бирданига унга қадалди. Аммо улар ўзлари томон атрофдагилардан бошқачароқ бир ҳолда келаётган инсонга шунчаки қараб қўйишмади. Шу пайт бу тенгқурлардан бири қаддини бироз букди. Энди у оқсаётган йигитнинг юришига сезилар-сезилмас тақлид қила бошлади. Унинг бу қилиғига шериклари эса мириқиб кулди.
Бу ҳолатда кулаётганларнинг қаршисида ҳаётнинг оғир синовини кўтариб юрган инсон кўринмас эди гўё. Афсуски, йигит буни пайқади. Нигоҳи ерга қадалди. Билдирмасликка уринди. Аммо юзидаги оғриқ ва синиқликни яшира олмади.
Кўп ўтмай автобус келди. Ўсмирлар бақир-чақир қилганча уловга чиқиб кетишди. Бояги йигит эса синган қалби билан бўм-бўш бекатда қолди...
Жамиятимизда кўзга ташланмайдиган, ҳеч бир замонавий тиббий қурилма илғай олмайдиган оғир бир хасталик бор. Бу ўзганинг нуқсонига томоша сифатида қараш дарди. Бу бировнинг дардини масхарага айлантириш иллати.
Кўчада ногиронлиги бор инсонга дуч келсак, кўзимиз унга шундай қадаладики, у қаерга қочишни билмай ҳижолат тортади. Баъзан эса табиий бир қараш ўрнини пичинг, мазах ва очиқдан-очиқ калака эгаллайди. Одам ўзининг қандай дунёга келишини танламайди. Аммо қандай инсон бўлиб яшашни ҳар ким ўзи танлай олади. Аъзолар соғлом бўлиб, виждон хасталангани эса энг оғриқли бўлади.
Оғриқнинг яна бир илдизи оилага бориб тақалади. Баъзан махсус эҳтиёжли фарзанд туғилган хонадонда меҳр ҳам синовдан ўтади. Кимдир боласини бағрига босиб, уни оёққа қўйиш учун борини беради.
Яна кимдир бундай ҳолатда уялади. Маҳалла-кўйдан, қариндошлардан яширишга уринади. Болани фақат моддий таъминот, давлат нафақаси ажратилгани учун парваришлаётгандай бўлади. Унинг орзулари, қалби, таълим олиши ва одамлар орасига қўшилишини унутиб қўядиганлар ҳам учрайди.
Ваҳоланки, бола нафақа учун эмас, фарзанд бўлгани учун ардоқланиши керак. Ҳимоя қиламан деб уни тўрт девор ичига қамаб қўйиш меҳр саналмайди. Бу уларни ҳаётдан ажратиб ташлаш саналади.
Адолат нуқтаи назаридан тан олиш керак, кейинги йилларда давлат бу деворларни бузиш учун жиддий қадамлар ташламоқда. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва тегишли давлат идоралари тизимни қоғозбозликдан амалий кўмакка буришга киришди.

Биргина 2025 йилда 92 минг нафарга яқин фуқаро замонавий протез ва реабилитация воситалари билан таъминлангани, ажратилган маблағ эса 138 миллиард сўмдан ошгани ва бундай воситалар турлари қарийб икки баробарга кенгайгани расмий рақамларда акс этган.
Муҳими, бу қуруқ статистика эмас. Буларнинг ортида бир пайтлар уйидан чиқолмаган инсоннинг илк бор аравачада кўчага чиққани, янги протез ёрдамида оёққа туриб, фарзандини бағрига босган инсоннинг ҳаёти туради. 14 минг нафар имконияти чекланган фуқаронинг расмий ишга жойлаштирилгани эса кимларнингдир бировга кўз тикмай қўйганини англатади.
Яна бир жиҳати, 650 дан ортиқ боғчада инклюзив гуруҳлар очилиб, минглаб болакайларнинг тенгдошлари билан бир партада ўтириши, “Ижтимоий такси” хизмати йўлга қўйилиши катта гап саналади. Бу каби чоралар уларни жамият тўлақонли қабул қилиши сари ташланган қадамлардир.
Шу билан бирга, қоғоздаги марралар ҳали ҳаётдаги тўсиқлар тўлиқ бартараф этилганини англатмайди. Пойтахтда яратилаётган реабилитация шароитлари, мослаштирилган инфратузилма ва инклюзив таълим босқичма-босқич бошқа ҳудудларга ҳам кириб бормоқда. Инсон қадри ҳудуд танламайди. Олис қишлоқлардаги ногиронлиги бор бола ҳам сифатли таълим олишга, муносиб иш топишга ва бемалол ҳаракатланишга ҳақли.
Бироқ давлат қанчалик инфратузилма яратмасин, энг мураккаб тўсиқ одамларнинг онгида қолавермоқда.
Бола катталарнинг кимгадир бармоқ билан ишора қилиб кулганини кўрса, буни одатий ҳол деб тушунади. Фарзандларга ногиронлиги бор инсонни оиладаёқ ҳурмат қилиш ўргатилмаса, кўчада меҳрсизлик илдиз отади.
Биз кўпинча хайрия қилиш, моддий ёрдам кўрсатиш ҳақида гапирамиз. Лекин баъзан энг катта кўмак маблағ ажратишда эмас. Энг яхши ёрдам ногиронлиги бор одамга дуч келганда юзини бурмаслик, унинг ҳаракатларини ҳазил мавзусига айлантирмасликдир. Зеро, ногиронлик инсоннинг қадрини туширмайди. Бировнинг нуқсони устидан кулиш эса одамнинг ўз инсонийлигини йўққа чиқаради.
...Автобус аллақачон кўздан ғойиб бўлган. Шаҳарнинг шовқинли ҳаёти ҳеч нима бўлмагандек давом этмоқда. Йўл четидаги бекатда эса ўша йигит ҳамон турибди. У кейинги автобус келишини кутяптими ёки қалбига санчилган нигоҳлар оғриғи босилишиними? Бу саволнинг жавобини эса ҳеч ким билмайди.
Моҳичеҳра ЭШМИРЗАЕВА,
ЎзА мухбири