Сувнинг нархи: бир куб метр ортида қандай харажатлар бор?
Ичимлик суви – инсон ҳаёти учун энг зарур неъматлардан бири. Аммо унинг хонадонгача етиб келиши ортида қанча меҳнат, энергия ва маблағ сарфланишини кўпчилик ўйлаб ҳам кўрмайди. Сув манбасидан истеъмолчигача бўлган масофа, насос станциялари, минглаб километр қувурлар, уларни таъмирлаш ва янгилаш зарурати буларнинг барчаси ичимлик суви таъминоти тизимининг ажралмас қисми.
Шу боис сув тарифи фақат бир куб метр ичимлик суви учун белгиланган тўлов эмас. У, аввало, аҳолига узлуксиз ва сифатли хизмат кўрсатиш, мавжуд инфратузилмани сақлаш ҳамда уни ривожлантириш имкониятларини белгилайдиган иқтисодий омилдир.
Бугун соҳада айнан шу масала – тарифларнинг шаклланиши, ҳудудлар ўртасидаги нарх тафовути, мавжуд муаммолар ва келгуси режалар жамоатчилик эътиборида. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида ўтказилган матбуот анжуманида “Ўзсувтаъминот” АЖ раҳбарияти ва соҳа мутахассислари атрофлича маълумот берди. Унда журналист ва блогерлар ҳам иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Нархлар тафовутининг сабаби нимада?
Республика бўйича ичимлик суви тарифларига назар ташласак, ҳудудлар ўртасида сезиларли фарқ бор. Масалан, Тошкент шаҳрида аҳоли учун бир куб метр сув 1 минг 400 сўм бўлса, Сурхондарё вилоятида бу кўрсаткич 6 минг 800 сўмни ташкил этади. Хўш, нима учун бир мамлакатнинг ўзида сув нархи бунчалик фарқ қилади?
Бунинг асосий сабаби ҳудудларнинг табиий-географик шароити ва сувни истеъмолчига етказиб бериш харажатлари билан боғлиқ. Айрим жойларда сув манбалари аҳолига яқин бўлса, бошқа ҳудудларда уни юзлаб километр масофадан олиб келишга тўғри келади.
Масалан, Қорақалпоғистон Республикасига ичимлик суви Туямўйин сув омборидан, Самарқанд, Бухоро ва Навоий вилоятларига эса “Дамхўжа” сув иншоотидан етказиб берилади. Қашқадарё вилоятининг айрим ҳудудларида ҳам сув 150-200 километргача бўлган магистрал қувурлар орқали узатилади.
Бунда масофанинг узоқлиги билан бирга, сувни насослар ёрдамида кўтариш, электр энергияси сарфи ва қувурларнинг техник ҳолатини сақлаш харажатлари ҳам ортиб боради. Аҳоли зичлиги ҳам муҳим: шаҳарда бир километр тармоқ юзлаб хонадонга хизмат кўрсатса, аҳоли сийрак жойлашган қишлоқларда бу кўрсаткич анча паст бўлиши мумкин.
Демак, тарифлар ўртасидаги фарқ шунчаки нарх белгилашдаги тафовут эмас, балки сувни олишдан тортиб истеъмолчига етказиб беришгача бўлган жараёндаги харажатлар натижасидир.
Бир куб метр сув таннархида нималар бор?
“Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи Ислом Абдуллаев соҳага оид маълумотларни тақдим этар экан, тарифларнинг шаклланишида электр энергияси, иш ҳақи, тармоқларни таъмирлаш ва халқаро молия институтларидан жалб қилинган кредитлар бўйича мажбуриятлар муҳим ўрин тутишини қайд этди.
Хусусан, бир куб метр ичимлик суви таннархида иш ҳақи харажатлари 29 фоизни, электр энергияси 27 фоизни, кредитларни қайтариш 15 фоизни, жорий ва мукаммал таъмирлаш 10 фоизни, амортизация ҳамда бошқа харажатлар 19 фоизни ташкил этади.
Келтирилган рақамлардан кўриниб турибдики, электр энергияси сув таъминоти тизимидаги энг йирик харажатлардан бири. Шунинг учун ҳам унинг нархидаги ҳар қандай ўзгариш сувни етказиб бериш таннархига бевосита таъсир кўрсатади.
Жумладан, электр энергияси нархи 2023 йил 1 октябрда бир киловатт-соат учун 450 сўмдан 900 сўмга, 2025 йил 1 майдан 1 минг сўмга, 2026 йил 1 июндан эса 1 минг 100 сўмга оширилди. Натижада уч йил давомида ушбу харажат 2,4 баробар кўпайди.
Бунинг устига, сув тармоқларининг бир қисми эскиргани сабабли уларни таъмирлаш, аварияларни бартараф этиш ва янги иншоотларни ишчи ҳолатда сақлаш учун ҳам катта маблағ талаб этилади. Халқаро молия институтлари иштирокида амалга оширилган лойиҳалар бўйича кредитларни қайтариш мажбуриятлари ҳам тизимнинг молиявий юкини оширмоқда.
Рақамлар нимани англатади?
Тақдим этилган маълумотларга кўра, республика бўйича аҳоли учун ичимлик сувининг ўртача тарифи бир куб метр учун 3 минг 765 сўмни, қўшилган қиймат солиғи билан 4 минг 217 сўмни ташкил этади. Оқова сув хизматининг ўртача тарифи эса 2 минг 8 сўм.
Тарифларни оддий мисол билан ҳам тушунтириш мумкин. Тошкент шаҳрида бир литр водопровод суви истеъмолчига атиги 1 сўм 40 тийинга тушади. Дўконларда эса бир литр қадоқланган сувнинг ўртача нархи 4 минг сўм атрофида. Демак, шу маблағга пойтахтда қарийб 2 минг 860 литр водопровод суви етказиб бериш мумкин.
Бу таққослаш сув таъминоти хизматининг аҳоли учун қанчалик арзон эканини кўрсатади. Бироқ масаланинг иккинчи томони ҳам бор: тарифлар сувни етказиб бериш, тармоқларни сақлаш ва таъмирлаш харажатларини қоплаши лозим. Акс ҳолда, корхоналарнинг мавжуд инфратузилмани янгилаш имконияти чекланади.
Шу сабабли тарифларни қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келмоқда. 2026 йил 1 июнда электр энергияси нархи оширилганидан кейин ҳудудий корхоналар томонидан янги таклифлар киритилди. 27 октябрь ҳолатига кўра, олтита корхонада тарифлар тасдиқланган, яна ўнтасида жараён давом этмоқда.
Жумладан, Андижонда аҳоли учун ичимлик суви тарифи 1 минг 650 сўмдан 2 минг 500 сўмга, Навоийда 3 минг 500 сўмдан 4 минг 200 сўмга, Самарқандда 2 минг 800 сўмдан 3 минг 600 сўмга, Сурхондарёда 5 минг 300 сўмдан 6 минг 800 сўмга, Тошкент вилоятида 2 минг 600 сўмдан 3 минг 100 сўмга ўзгарган.
Шу билан бирга, тарифларни қайта кўриб чиқиш жараёнининг кечикиши ҳам тизим учун қўшимча муаммоларни келтириб чиқармоқда. Чунки электр энергияси ва бошқа ресурслар нархи ошган шароитда аввалги тарифлар бўйича ишлаш корхоналарнинг қўшимча харажатларини қоплаш имкониятини чеклайди.
Қарздорлик – умумий масъулият масаласи
Сув таъминоти тизимининг барқарор ишлаши нафақат иқтисодий асосланган тарифларга, балки истеъмолчиларнинг тўлов интизомига ҳам боғлиқ. Зеро, тушумлар ўз вақтида келиб тушмаса, корхоналарнинг электр энергияси учун ҳисоб-китоб қилиши, тармоқларни таъмирлаши ва хизматлар сифатини яхшилаши қийинлашади.
2026 йил 1 октябрь ҳолатига “Ўзсувтаъминот” АЖ тизимида истеъмолчиларнинг жами қарздорлиги 542,6 миллиард сўмни ташкил этган. Унинг 430,7 миллиард сўми аҳоли, 111,8 миллиард сўми юридик истеъмолчилар ҳиссасига тўғри келади.
Бу рақамлар тўлов интизомини ошириш қанчалик муҳимлигини кўрсатади. Қарздорликни камайтириш мақсадида истеъмолчилар билан манзилли иш олиб борилмоқда, тўловларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича тушунтириш ишлари кучайтирилмоқда.
2027 йил 1 январдан қарздорликни ундириш тартибида ҳам ўзгаришлар жорий этилиши белгиланган. Янги механизмга кўра, қарздорлик миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг минг бараваригача бўлса, нотариал тартибда, ундан ортиқ бўлганда эса суд орқали ундирилади. Белгиланган тартибда ижро ҳужжати расмийлаштирилгандан кейин ҳам мажбурият бажарилмаса, қонунчиликда назарда тутилган чоралар кўрилади.
Бунда Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган оилаларга мазкур тартиб қўлланилмаслиги ҳам муҳим жиҳатдир.
Янги ёндашув ва келгуси вазифалар
Соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, тарифларни белгилаш жараёнини такомиллаштириш ва корхоналарнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш мақсадида янги тизимга ўтилмоқда.
Хусусан, Президентнинг 2026 йил июль ойидаги ПФ-140-сон фармонига мувофиқ, 2027 йил 1 январдан ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари тарифларини тасдиқлаш ваколати Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссиясига ўтказилади. Бу орқали тарифларни алоҳида ҳудудлар кесимида эмас, ягона иқтисодий мезонлар асосида кўриб чиқиш кўзда тутилган. Шунингдек, 2027 йил 1 апрелдан бюджет ташкилотлари учун ягона тариф жорий этилади.
Янги ёндашув, аввало, ресурслар нархи ўзгарганда тарифларни ўз вақтида қайта кўриб чиқиш, корхоналарнинг қўшимча харажатларини камайтириш ва маблағларни тармоқларни таъмирлаш ҳамда модернизация қилишга йўналтириш имконини бериши кутилмоқда.
Зеро, сув таъминоти соҳасидаги ҳар бир ўзгаришнинг якуний мақсади аҳолига сифатли, хавфсиз ва узлуксиз хизмат кўрсатишдир. Бу эса нафақат соҳа корхоналари, балки ҳар бир истеъмолчининг ҳам масъулиятини талаб этади.
Тадбир якунида журналист ва блогерлар соҳа мутахассисларига ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилди. Тарифларнинг шаклланиши, ҳудудлардаги нархлар тафовути, қарздорлик ва келгусидаги ўзгаришлар юзасидан берилган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.
Аслида, сувнинг қадри унинг нархи билангина ўлчанмайди. Уни асраш, исроф қилмаслик, кўрсатилган хизмат учун ўз вақтида ҳақ тўлаш ва соҳа барқарорлигига масъулият билан ёндашиш ҳам умумий вазифамиздир. Зеро, бугунги тежамкорлик ва тўлов интизоми эртанги куннинг ишончли сув таъминоти учун хизмат қилади.
[gallery-32283]
Нилуфар Бозорова, ЎзА