Зулфия – вафо ва садоқат куйчиси
Тошкент давлат тиббиёт университетида атоқли шоира хотирасига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида шоира Зулфиянинг ҳаёти, серқирра ижодий фаолияти ва ўзбек адабиёти ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси ҳақида атрофлича маълумот берилди. Хусусан, шоира ижодининг ўзига хос жиҳатлари, шеърларининг мазмун-моҳияти ҳамда уларда илгари сурилган эзгу ғоялар хусусида фикр юритилди.
Мулоқот чоғида Зулфия шеъриятида алоҳида ўрин тутувчи Ватанга муҳаббат, вафо ва садоқат, инсонпарварлик, тинчлик ва аёл қалбининг нозик кечинмалари каби мавзуларга алоҳида эътибор қаратилди. Шоиранинг бетакрор шеърлари орқали инсоннинг ички дунёси, ҳаёт синовларига бардош, умид ва ишонч туйғулари ёрқин ифодалангани эътироф этилди.
Шунингдек, тадбирда Зулфия ижодининг ёш авлодни маънавий баркамоллик, садоқат, сабр-тоқат ва эзгу фазилатлар руҳида тарбиялашдаги ўрни хусусида тўхталиб ўтилди. Қайд этилганидек, шоиранинг бой адабий мероси нафақат ўзбек шеъриятининг бебаҳо хазинаси, балки бугунги кун ёшлари учун ҳам ҳаётий сабоқ ва маъно-мазмун манбаи ҳисобланади.
Мазкур тақдимот талаба-ёшларнинг миллий адабиётимизга бўлган қизиқишини янада ошириш, уларни бадиий сўз санъатига ошно этиш, китобхонлик маданиятини ривожлантириш ҳамда улуғ аллома ва ижодкорларимизнинг бой маънавий меросини кенг тарғиб этишга хизмат қилди.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА