Қўғирчоқ театрининг учинчи мавсуми
Эътироф этиш жоизки, қўғирчоқ театри бугунги кунда Наманган вилояти маданий ҳаётида ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда. Мазкур даргоҳ қисқа давр ичида ижодий жамоасини шакллантириб, болалар учун мазмунли ва тарбиявий аҳамиятга эга спектакллар яратишга эришди.
Юртимиздаги кенжа маданий масканларидан бири ҳисобланган Наманган вилояти қўғирчоқ театрининг навбатдаги учинчи мавсуми эзгу мақсадлар, катта режалар ва янги ижодий изланишлар билан бошланди. Ёш томошабинлар эътиборига тиб илмининг асосчиси Абу Али ибн Сино ҳаёти ҳақида ҳикоя қилгувчи спекталь намойиш этилди.
Мавсум очилиши доирасида тантанали тадбир ташкил этилиб, унда театр ижодий фаолияти ҳақида ҳисобот берилди, жамоанинг келгуси режалари билан ўртоқлашилди.

Театрнинг шаклланиши ва жамоанинг бир мақсад атрофида бирлашишида тажрибали, изланувчан ва ташаббускор раҳбар, “Ўзбекистон маданият ва санъат фидойиси” кўкрак нишони соҳиби Озода Усмонованинг меҳнати ва саъй-ҳаракатлари алоҳида ўрин тутади.

Театр репертуаридан ўрин олган спектакллар мавзуси ва мазмун-моҳияти билан бир-биридан тубдан фарқ қилади. «Алишербек ва Ҳусайн», «Зумрад ва Қиммат», «Она табиат ва жаноб Металл», «Виртуал душман», «Типратикан ва Қуёнойнинг саргузаштлари», «Гул ва Булбул», «Карвонсарой», «Баджаҳл Қуёнча», «Олтин жўжа», «Ўрмон қироллиги», «Ибн Сино», «Ғоз жўжаси» каби спектакллар кичкинтойларга ҳавола этиб келинмоқда.
Ёш жамоа ўз фаолиятини фақат вилоят доираси билан чекламай, мамлакатимиз театрлари ўртасидаги ижодий алоқаларни мустаҳкамламоқда. Хусусан, Самарқанд, Бухоро, Навоий, Андижон ва Фарғона вилоятларига ижодий сафарлар уюштирилди.

Театрнинг халқаро ҳамкорлик масалаларига ҳам эътибор қаратмоқда. Ўзбек қўғирчоқ театри санъатини хорижда кенг тарғиб қилиш, чет давлатлар билан маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда ижодий тажриба алмашиш мақсадида Қирғиз Республикаси, Тожикистон ва Қозоғистон давлатлари қўғирчоқ театрлари билан меморандумлар имзоланди. Ўзаро келишувлар доирасида спектакллар билан гастроль сафарлари ҳам ташкил этилди.

Айни пайтда эса театр ижодкорлари яна бир муҳим лойиҳа устида иш олиб бормоқда. Яқин вақт ичида Туркиядан режиссёр таклиф этилиб, замонавий жанрда янги спектакль саҳналаштириш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.