Зўравонликка қарши курашда жамоатчилик фаоллиги муҳим
Қорақалпоғистон Республикасида Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш халқаро куни муносабати билан «Зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар» кампаниясига старт берилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази, адлия, соғлиқни сақлаш, мактабгача ва мактаб таълими тизими масъуллари, жамоатчилик вакиллари, маҳалла фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Аҳмедова ўз нутқида мамлакатимизда хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади.
Хусусан, оилавий зўравонлик учун жавобгарлик кучайтирилгани, болаларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш механизмлари жорий этилгани, жабрланган шахсларга давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизими йўлга қўйилгани қайд этилди.
Мулоқот давомида қонунчиликда белгиланган кафолатларнинг амалда самарали ишлашини таъминлашда жамоатчиликнинг фаол иштироки муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. Оилавий зўравонлик ҳолатларига бефарқ бўлмаслик, уларнинг олдини олишда давлат идоралари ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигини кучайтириш зарурлигига эътибор қаратилди.
Тадбир доирасида 10 декабрга қадар маҳаллалар, таълим муассасалари ва меҳнат жамоаларида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган очиқ мулоқотлар, семинар-тренинглар ўтказиш режалаштирилган. Шунингдек, ижтимоий кўмакка муҳтож ва низоли вазиятдаги оилаларнинг аҳволини манзилли ўрганиш, уларга психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш назарда тутилган.
Аҳоли ўртасида ҳимоя ордерини олиш тартиби, 1146 рақамли ишонч телефони ҳамда «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари орқали кўрсатиладиган ёрдам турлари ҳақида кенг тушунтириш ишлари олиб борилади.
Тадбир якунида мутасадди ташкилотларнинг кампания доирасида амалга оширадиган қўшма чора-тадбирлари белгилаб олинди.
[gallery-32764]
Мазкур ташаббус жамиятда зўравонликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ҳамда оилаларда соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни қарор топтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА