Ўзбекистон "Green Skills Award - 2026" халаро танловида бош совринни қўлга киритди
Ўзбекистоннинг "Барқарор келажак жамияти" (Sustainable Future Society - SFS) лойиҳаси Европа таълим жамғармаси (ETF) томонидан ташкил этилган "Green Skills Award - 2026" халқаро танловида биринчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги делегацияси ахборот хизмати маълум қилди.
Ғолиблар 25 ноябрь куни Италиянинг Турин шаҳрида бўлиб ўтган Кўникмалар бўйича глобал саммит (Torino Global Skills Summit) доирасида эълон қилинди.
Ўзбекистон лойиҳаси 90 дан ортиқ мамлакатдан келиб тушган 360 дан зиёд ариза орасидан саралаб олинган олтита ташаббус ўртасида биринчи ўринни эгаллади. Танловда Перунинг "Музликларни муҳофаза қилиш бўйича ёш элчилар" дастури иккинчи, Непалнинг электрон чиқиндилар билан ишлашга қаратилган "Repair Revolution Workshop & Training" лойиҳаси эса учинчи ўринни олди. Босния ва Герцеговина, Кипр ҳамда Иордания ташаббуслари ҳам финалга чиқди.
Ўзбекистоннинг "Барқарор келажак жамияти" лойиҳаси чиқиндилар билан боғлиқ муаммоларни ўқувчилар етакчилигида ҳал этиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган тизимли ёндашувни жорий этишга асосланган. Ташаббус тарих фани ўқитувчиси Аброpжон Садриддинов ўқувчиларнинг чиқиндиларни алоҳида саралаш идишларидан нотўғри фойдаланаётганини пайқаганидан сўнг бошланган. Кейинчалик у барқарор ривожланиш ҳаракатига айланган.
Лойиҳа халқаро Eco-Schools дастурининг ўқувчилар етакчилигида амалга ошириладиган етти босқичли усулини маҳаллий шароитга мослаштирган. У мактабларнинг барқарор ривожланиш бўйича фаолиятини баҳолаш, ҳаракат режаларини тузиш, экологик мавзуларни ўқув дастурига киритиш, натижаларни кузатиш, маҳаллий ҳамжамиятни жалб этиш ва экологик қоидаларни ишлаб чиқишни ўз ичига олади.
Бугунги кунга қадар лойиҳа Ўзбекистондаги 25 та мактабда ўқувчилар, ўқитувчилар ва ота-оналарни қўшиб ҳисоблаганда 25 мингдан ортиқ кишини қамраб олди. Ташаббус доирасида ўқувчилар 128 та экологик лойиҳани амалга оширди, 70 дан ортиқ ўқув машғулоти ва 53 та тарғибот тадбири ўтказилди.
Шунингдек, дастур "Яшил байроқ" мукофотига сазовор бўлди. Ташаббус мактаблар ва маҳаллий ҳамжамиятларда катта харажатларсиз узоқ муддатли экологик натижаларга эришиш ҳамда самарали тажрибани кенгайтириш мумкинлигини кўрсатмоқда.
Таъкидлаш жоиз, "Green Skills Award" халқаро танлови 2021 йилда Европа таълим жамғармаси томонидан таъсис этилган. У яшил кўникмаларни ривожлантириш, айланма ва углерод-нейтрал иқтисодиётни шакллантиришга хизмат қиладиган инновацион тажрибаларни оммалаштиришга қаратилган.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА