Гендер тенгликни таъминлашга қаратилган ташаббуслар баҳоланди
Тенг имконият – тараққиёт, фаол аёл – жамият таянчи. Хотин-қизларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, турли соҳалардаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар Сирдарёда, вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармасида ўтказилган «Гендер тенглик фаоли» миллий танловининг вилоят босқичида баҳоланди.
Олий Мажлис Сенати, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган танловда бешта вилоят ташкилоти, шунингдек, туман ва шаҳарлардаги 22 та муассаса ҳамда ташкилот ўз лойиҳалари билан иштирок этди. Тақдимотларда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, раҳбарлик лавозимларида аёллар улушини кўпайтириш, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, рақамли саводхонликни юксалтириш, меҳнат муносабатларида тенг имкониятларни таъминлаш каби масалаларга эътибор қаратилди.
[gallery-32762]
Иштирокчиларнинг тақдимотлари, видеолавҳалари ва бошқа ҳужжатлари ҳакамлар ҳайъати томонидан саккизта мезон асосида баҳоланди. Жумладан, «Ховос овози» газетаси бош муҳаррири Анорбой Қаҳҳоров, Насиба Худойқулова, Нуржамол Чўянова, Элмира Бекбергенова ва Наргиза Пиримқулова ўз ташкилотларида гендер тенгликни таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, ходимлар малакасини ошириш ва хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритдилар. Боёвут туманидаги 11-оилавий поликлиника бош ҳамшираси Шоира Ваҳобова, Ёшлар ишлари агентлигининг Гулистон тумани бўлими мутахассиси Наима Абдуллаева ҳамда бошқа иштирокчилар ҳам ўз ташаббус ва лойиҳаларини ҳакамлар эътиборига ҳавола этдилар.
– Ўтган йили танловнинг вилоят босқичида бешта ташкилот турли номинациялар бўйича ғолиб деб топилган эди. Бу йил ҳам иштирокчиларнинг жамиятда тенглик ва адолат тамойилларини қарор топтириш, хотин-қизларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини оширишга қаратилган ташаббуслари белгиланган мезонлар асосида баҳоланди. Ғолиблар номи яқин кунларда эълон қилинади, – дейди Сирдарё вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бош мутахассиси Башорат Абдувоҳидова.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат), ЎзА