Зомин бозорида янги тартиб қарор топмоқда
Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини муносиб кутиб олишга қаратилган кенг қамровли тайёргарлик ишлари барча ҳудудларда изчил давом этмоқда. Президентнинг 2026 йил 1 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида Жиззах вилоятининг барча шаҳар, туман, маҳалла ва қишлоқларни ободонлаштириш, аҳоли учун хавфсиз ва қулай муҳит яратиш, жамоат тартибини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада Жиззах вилоятининг барча ҳудудларида амалга оширилаётган ишлар ўзининг амалий натижалари билан аҳамият касб этмоқда.
Ана шундай эзгу мақсадларга қаратилган тадбирлардан бири Зомин марказий деҳқон бозорида амалга оширилди. Туман ички ишлар органлари, Миллий гвардия ҳамда фавқулодда вазиятлар хизмати ходимлари ҳамкорлигида бозор ҳудудида хавфсизликни таъминлаш, савдо жараёнларини қонуний асосда ташкил этиш ва ҳудудни тартибга келтириш бўйича кенг кўламли амалий ишлар бажарилди.

Энг аввало, бозорнинг кириш қисмида ҳаракатланишга тўсқинлик қилиб келган ноқонуний савдо расталари бартараф этилди. Бу орқали харидорлар ва сотувчиларнинг эркин ҳаракатланиши учун қулай шароит яратилди, фавқулодда вазиятлар хизмати техникалари ҳамда қутқарув бўлинмаларининг тезкор ҳаракатланишига имкон кенгайтирилди.

Шунингдек, автотураргоҳ ҳудудида қонун талабларига зид равишда ўрнатилган 51 та вагон ва 81 та қўлбола савдо растаси олиб ташланиб, ҳудуд тўлиқ тартибга келтирилди. Бу эса автотураргоҳдан мақсадли фойдаланиш, транспорт ҳаракатини енгиллаштириш ва хавфсизлик талабларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этди.

Жамоат хавфсизлигини замонавий технологиялар асосида мустаҳкамлаш ишлари ҳам изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, бозор автотураргоҳи 13 та замонавий видеокузатув камераси билан жиҳозланиб, улар “Қалқон” тизимига интеграция қилинди. Шу билан бирга, фавқулодда ҳолатларда тезкор ёрдам чақириш имконини берувчи “СОС” чақирув тугмалари ўрнатилди. Келгусида яна 40 та видеокузатув камерасини босқичма-босқич “Қалқон” тизимига улаш режалаштирилгани мазкур тизимнинг имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Бозорда савдо маданиятини юксалтириш ва тадбиркорлар учун қонуний шароит яратишга ҳам алоҳида эътибор берилди. Илгари тартибсиз ташкил этилган кийим-кечак ва гилам савдоси янги кийим бозорига кўчирилди. Автотураргоҳларда амалга ошириб келинган тартибсиз савдо фаолиятига тўлиқ барҳам берилиб, тадбиркорлар учун белгиланган жойларда фаолият юритиш имконияти яратилди.

Бугунги кунда бозор фақат савдо-сотиқ амалга ошириладиган ҳудуд эмас, балки аҳоли хавфсизлиги, санитария, транспорт ҳаракати ва хизмат кўрсатиш сифати уйғун таъминланадиган ижтимоий маконга айланиб бормоқда. Шу маънода Зомин марказий деҳқон бозорида амалга оширилган ишлар Президент қарорида белгиланган вазифаларнинг амалдаги ифодаси сифатида аҳолига муносиб ва хавфсиз муҳит яратиш, жамоат тартибини мустаҳкамлаш ҳамда савдо инфратузилмасини замонавий талаблар асосида ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири