Аграр соҳадаги ислоҳотлар - халқаро эътирофда
Аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси фақат ички кўрсаткичлар билан эмас, балки халқаро ҳамжамиятнинг уларга бераётган баҳоси билан ҳам ўлчанади.
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш борасида олиб борилаётган ишлар нуфузли халқаро минбарларда ҳам эътироф этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов АҚШда Жаҳон озиқ-овқат мукофоти тадбирлари доирасида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) Бош директори Цюй Дунъюй билан учрашди. Мулоқот давомида FAO раҳбари Ўзбекистонга ташрифи, Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашуви ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.

Ўзбекистондаги ўзгаришлар ва янгиланиш жараёнларига алоҳида тўхталган FAO Бош директори мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар бошқа давлатлар учун ҳам намуна бўлаётганини қайд этди. Бу эътироф аграр соҳадаги ўзгаришларнинг халқаро миқёсдаги аҳамиятини кўрсатиши билан муҳим. Зеро, бугун қишлоқ хўжалиги фақат маҳсулот етиштириш ёки экспорт ҳажмини ошириш билан чекланмайди. У аҳолини сифатли озиқ-овқат билан таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, қишлоқ аҳолиси фаровонлигини ошириш ва глобал озиқ-овқат тизими барқарорлигини мустаҳкамлаш билан ҳам чамбарчас боғлиқ.
Маълумки, жорий йилда юртимизда Халқаро пахта куни муносабати билан юқори савиядаги тадбирлар ташкил этилди. Мазкур тадбирлар Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва мамлакатимизни ишончли ҳамкор сифатида танитишга хизмат қилади, албатта.
Мулоқот давомида Цюй Дунъюй Халқаро пахта куни тадбирлари, шунингдек, денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган давлатларда озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларига бағишланган халқаро форумнинг аҳамияти ҳақида ҳам ўз фикрларини баён этди. Ўтказилган форум янги ташаббус, стратегияларни рўёбга чиқариш, биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш йўлида муҳим қадам бўлишини айтиб ўтди.

FAO раҳбарининг Ўзбекистондаги ислоҳотларга билдирган эътирофи ва мамлакатимизда ўтказилган халқаро тадбирларга берилган баҳо аграр соҳадаги ҳамкорлик учун муҳим мулоқот муҳити шаклланаётганини кўрсатади. Энг муҳими, халқаро эътироф ислоҳотларнинг якуний мақсади эмас, балки уларнинг натижадорлигини ошириш йўлидаги муҳим омилдир. Бу жараёнда асосий мезон — қишлоқ хўжалигининг барқарорлиги, аҳоли дастурхонининг тўкинлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигининг ишончли таъминланиши.
Томонлар Ўзбекистон ва ФАО ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масаласида муҳим келишувларга эришди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА