Марҳумнинг оила аъзолари фойдасига 685 миллион сўм суғурта пули ундирилди
Мажбурий ижро бюроси томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида марҳумнинг меросхўрлари фойдасига 685 миллион сўм суғурта тўлови ундирилиши таъминланди.
Мажбурий ижро бюроси Мирзо Улуғбек туман бўлими томонидан суд ҳужжати ижросини таъминлаш юзасидан олиб борилган чора-тадбирлар натижасида «Ўзагросуғурта» АЖдан ундирувчилар фойдасига 685 миллион сўм маблағ ундирилди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ижро варақасига асосан, «Ўзагросуғурта» АЖ зиммасига жиноят ишлари бўйича Сариосиё туман судининг собиқ раиси, марҳум В.Х.Норбековнинг меросхўрларига унинг охирги ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида суғурта тўловини амалга ошириш мажбурияти юклатилган.
Суд ҳужжатига кўра, суғурта маблағлари марҳумнинг меросхўрлари Х.С.Нурманова, Х.Норбеков, Г.П.Пардаева ҳамда вояга етмаган фарзандлари М.В.Саидов ва Г.В.Саидова фойдасига тўланиши лозим эди.
Мазкур ижро ҳужжати бўйича давлат ижрочиси томонидан қонунда белгиланган тартибда ижро иши қўзғатилиб, қарздор ташкилотга суд талабларини бажариш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Ижро жараёнида қарздор ташкилотга нисбатан 4 миллион 400 минг сўм миқдорида ижро йиғими қўлланилди. Шунингдек, ташкилотнинг масъул мансабдор шахсларидан суд ҳужжатида белгиланган мажбуриятларни бажариш бўйича мажбуриятнома олинди.
Кўрилган чоралар ва ижро ҳаракатлари натижасида 685 миллион сўм суғурта тўловини ундиришга эришилди. Қолган 200 миллион сўмдан ортиқ маблағни тўлаш масаласида ҳам тарафлар ўзаро келишувга эришган.
Шу тариқа, Мажбурий ижро бюроси томонидан суд ҳужжати ижросини таъминлаш орқали марҳумнинг оила аъзолари ва меросхўрларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган амалий чоралар кўрилди.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА