Заррин маъдан ортидаги луғавий сир
Асрлар давомида сомон парчаларини ўзига тортувчи сирли жисм саналган қаҳрабо маъданининг номи аслида табиий ҳодисани эмас, балки сарғиш-қўнғир ранг тусини англатган.
Қадимги даврлардан буён инсоният ер ости бойликларига ном беришда уларнинг энг кўзга ташланадиган белгиларига таянган. Бу белгилар кўпинча жисмнинг ташқи қиёфаси, ранги ёки ўзига хос хусусиятлари бўлган. Табиатнинг ноёб туҳфаси саналган қаҳрабо тоши ҳам қадимги Шарқ ва Ғарб тамаддунларида алоҳида эътибор қозонди. Юнонлар ушбу тошга ишқаланганда енгил жисмларни ўзига тортиш хусусиятига қараб “электрон” деб ном берди. Шарқ табиатшунослигида эса мазкур маъдан бутунлай бошқача мантиқий силсила асосида муомалага кирди.
Буюк қомусий аллома Абу Али ибн Сино ўз қайдларида қаҳрабонинг майда зарраларни ўзига чорлаш хусусиятини тасвирлар экан, уни арабча “солибу-т-тибн”, яъни “сомон ўғриси” дея таърифлаган. Кейинчалик Закариё Қазвиний каби ўрта аср қомусчи олимлари ҳам бу қарашни ривожлантириб, сўзни “жозибу-т-тибн” – “сомонни ўзига тортувчи” тарзида шарҳладилар. Натижада кўп асрлар мобайнида форсий “қаҳрабо” атамаси бевосита “каҳ” (сомон) ва “рубо” (ўғирловчи, тортувчи) сўзларидан ясалган деган қатъий хулоса ҳукмрон бўлиб келди.
Бироқ ёзма манбаларни қиёсий таҳлил қилиш мазкур кенг тарқалган қараш аслида сўзнинг туб маъносини пардалаб қўйганини кўрсатди. Тилшунос олим, академик М.Н.Боголюбов ўзининг қаҳрабонинг форсий номи тарихига бағишланган тадқиқотида ушбу масалага янгича илмий асос билан ёндашади. Олимнинг кузатувига кўра, қадимги халқлар моддий жисмларни номлашда уларнинг мураккаб физикавий хоссаларидан кўра, аввало ташқи кўриниши ва рангини бош мезон қилиб олган. Қаҳрабонинг энг ёрқин фазилати унинг оч сариқдан тортиб, тўқ сарғиш ва жигарранггача бўлган товланишидир.
Академик М.Н.Боголюбов ўз илмий изланишларида сўзнинг биринчи қисми “сомон” эмас, қадимги эроний тилларда тўқ сариқ, қўнғир ҳамда тўриқ рангларни ифодалаган “кадру” сифати билан боғлиқ эканини таъкидлайди. Ушбу сўз қадимги ҳинд-эрон муҳитига тааллуқли бўлиб, қадимги веда матнларида “тўриқ” ва “қизғиш-қўнғир” маъноларини англатган. Айни пайтда қадимги “Авесто” ёдгорлигида учрайдиган “Кадрва аспа”, яъни “тўриқ отларга эга тоғ” номи ҳам бу тушунчанинг Марказий Осиё халқлари луғатида чуқур ўрин тутганини кўрсатади.
Қадимги “кадру” сўзининг кейинги тил тизимларига ўтиш босқичлари муайян фонетик қонуниятларга бўйсунган. Олимнинг таҳлилига кўра, сўз таркибидаги товушлар бирикмаси тарихий тараққиёт жараёнида юмшаб, ўзгаришга учраган. Худди шундай тил ҳодисаси қимматбаҳо тошни англатувчи “гавҳар” сўзининг тарихида ҳам кузатилади. Диққатга сазовор жиҳати шундаки, мазкур товуш силжиши қадимги Хоразм тили ёдгорлиги ҳисобланган машҳур “Муқаддимат ал-адаб” асари луғатида ҳам аниқ қайд этилган. Бу эса фонетик жараённинг бевосита ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидаги қадимги тил муҳити билан узвий боғлиқ бўлганини яққол тасдиқлайди. Ушбу ўзгаришлар оқибатида “кадру” ўзаги кейинги даврларда отларнинг тўриқ тусини ифодаловчи “каҳар” шаклида сақланиб қолди.
Қаҳрабо сўзининг иккинчи бўлаги ҳам муҳим луғавий далилга таянади. Қадимги тил қатламларида “рупа” сўзи қиёфа, кўриниш, тус, ранг ёки ўзига хос белги маъноларини билдирган. Бу ифода қадимги ёзма ёдгорликлардаги ташқи кўриниш ва ранг тушунчаси билан бир хил илдизга эга. Демак, маъдан дастлаб икки сўзнинг бирикувидан иборат “кадру-рупа”, яъни “сарғиш-қўнғир тусли”, “жигарранг кўринишга эга бўлган тош” тарзида аталган. Вақт ўтиши билан нутқда бўғинларнинг ихчамлашуви натижасида “кадру-рупа” бирикмаси қисқариб, аввал “кадрупа”, сўнгра товуш алмашинуви оқибатида “қаҳрабо” шаклига кирган.
Бироқ асрлар ўтиб, “рупа” сўзи мустақил луғавий бирлик сифатида муомаладан чиқиб кетди. Сўз ўз асл илдизидан узилгач, аҳоли унинг маъносини кундалик ҳаётда тушунарли бўлган сўзлар воситасида изоҳлашга интилди. Тилшуносликда “халқ этимологияси” деб аталувчи бу ҳодиса туфайли сўзнинг бош қисмидаги бўғин форсий “сомон” сўзига, якуний қисми эса тошнинг енгил жисмларни тортиш хусусиятига мосланди. Шу тариқа аслида маъданнинг жилвакор рангини ифодалаган ном унинг ўзига тортиш хусусиятига оид атамага айланиб қолди. Бу қараш ўша даврдаги магнит маъданини англатувчи “оҳанрабо” (темир тортувчи) ҳамда кўппакни ифодаловчи “устухонрабо” (суяк тортувчи) каби сўзлар таъсирида янада мустаҳкамланди.
Бу илмий масала қадимги ёзма манбаларда муҳрланган шахс номлари орқали ҳам тасдиғини топади. Академик М.Н.Боголюбов кўрсатиб берганидек, қадимги Персеполь лавҳаларида учрайдиган исмларни “кад(ру)-рупа” тарзида ўқиш илмий жиҳатдан тўғри ҳисобланади. Бу эса мазкур атаманинг асл негизида сомонни тортиш эмас, сарғиш-қўнғир ранг белгиси ётганини яна бир бор исботлайди.
Мазкур номланиш кейинчалик сурёний ва араб тилларига ҳам қабул қилиниб, кенг илмий муомалага кирди. Замонавий араб тилида “каҳраба” сўзининг электр тушунчасини англатиши бевосита ўрта асрларда Абу Али ибн Сино сингари қомусий алломалар мероси билан туташади. Қадимги бир маъдан номининг тадрижи табиат ҳодисаларини англаш йўлида Марказий Осиё тамаддуни қанчалик бой ва чуқур илмий асосларга таянганини кўрсатувчи ёрқин далилдир.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади,
ЎзА