Фарғона ёшлари NASA ҳакатонида ўз лойиҳаларини тақдим этди
Фарғона шаҳридаги IT Park биносида «NASA International Space Apps Challenge – 2026» халқаро ҳакатонининг Ўзбекистон босқичи бўлиб ўтди.
«Ўзбеккосмос» агентлиги томонидан ташкил этилган мазкур танлов Тошкент ва Қарши шаҳарлари билан бир қаторда Фарғонада ҳам ўтказилди. АҚШнинг Аэронавтика ва космик фазони тадқиқ этиш миллий бошқармаси (NASA) ташаббуси билан ўтказилган ҳакатон ёшларнинг илмий-техник салоҳиятини намоён этиш, инновацион ғояларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилди.
Икки кун давом этган танловда вилоятнинг шаҳар ва туманларидан 30 та жамоа таркибида 120 нафар мактаб ўқувчиси, талаба ва ёш мутахассис иштирок этди. Қатнашчилар NASAнинг очиқ маълумотлари асосида Ер ва космос билан боғлиқ долзарб муаммоларга амалий ечимлар ишлаб чиқиб, лойиҳаларини ҳакамлар ҳайъатига тақдим этди.
«Келажакнинг янги сарҳадлари» шиори остида ўтказилган ҳакатонда иштирокчилар NASA мутахассислари таклиф этган 14 та вазифадан бири бўйича изланиш олиб борди. Жамоалар дастурлаш, маълумотлар таҳлили ва муҳандислик соҳаларидаги билимларини амалиётда синаб, ўз ғояларини лойиҳа шаклига келтирди.
Танлов ёшларнинг илмий-техник ижодкорлигини рағбатлантириш, муаммоларга янгича ёндашиш ва жамоада ишлаш кўникмаларини ривожлантириш имконини берди.
[gallery-32538]
Ҳакатоннинг энг яхши лойиҳаларини халқаро босқичга тақдим этиш белгиланган. Халқаро баҳолаш натижалари декабрь ойида эълон қилиниб, жаҳон миқёсидаги ғолиблар аниқланади.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА