Тошкентда ёш олимларнинг халқаро илмий конференцияси бўлиб ўтди
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Президиумида ёш олимларнинг “Фан ва инновациялар” халқаро илмий конференцияси бўлиб ўтди. Фанлар академияси ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази томонидан ташкил этилган анжуман ёш тадқиқотчиларнинг илмий салоҳиятини намоён этиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва инновацион ишланмалар юзасидан тажриба алмашишга қаратилди.
Конференцияни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Шавкат Аюпов очиб берди.
Таъкидланганидек, илм-фан тараққиётида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илмий тажриба алмашиш ва ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этади. Мазкур анжуман истиқболли илмий ғоялар ва инновацион ишланмаларни муҳокама қилиш, олимлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш учун имконият яратди.
Анжуман материаллари тўпламига 215 га яқин илмий тезис киритилди. Уларнинг муаллифлари Фанлар академияси илмий-тадқиқот институтлари, мамлакатимиздаги тиббиёт ва техника йўналишидаги олий таълим муассасалари, шунингдек, Россия, Беларусь, Озарбайжон, Тожикистон, Хитой, Ҳиндистон ва Норвегия илмий марказлари вакилларидир.
Конференция дастуридан 37 та оғзаки маъруза ҳамда постер тақдимотлари ўрин олди.
Пленар мажлисда халқаро илмий ҳамжамият вакиллари долзарб мавзуларда маърузалар қилди. Жумладан, Фундаментал ва амалий тадқиқотлар институти директори Жамолиддин Раззоқов ҳамда Илғор технологиялар маркази Экспериментал биофизика лабораторияси мудири Артём Боев ўз тадқиқотлари ва илмий ишланмалари билан ўртоқлашди.
Куннинг иккинчи ярмида конференция иши биотехнологиялар ва биотиббиёт, геномика ва молекуляр генетика, кимё ва нанотехнологиялар йўналишларидаги учта шўъбада давом этди.
Шўъба йиғилишларида замонавий биология, тиббиёт, генетика, кимё ва материалшунослик соҳаларидаги долзарб масалалар ҳамда уларнинг инновацион ечимлари муҳокама қилинди.
Хусусан, аутоиммун касалликларни даволашда қўлланиладиган адалимумаб препаратининг маҳаллий аналогини яратиш истиқболлари кўриб чиқилди. Бу йўналишдаги тадқиқотлар биофармацевтика соҳасини ривожлантириш, импорт ўрнини босувчи дори воситаларини ишлаб чиқиш ва маҳаллий илмий ишланмаларни амалиётга жорий этишда муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, ўзбек популяциясида қандли диабет ва кардиомиопатия билан боғлиқ генетик маркерларни аниқлаш, пахта навларининг қурғоқчиликка чидамлилигини эрта баҳолаш, натрий-ион аккумуляторлари учун янги материаллар яратишга оид тадқиқотлар ҳам иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.
[gallery-32518]
Анжуман доирасида ўтказилган очиқ мулоқот ва савол-жавоблар ёш тадқиқотчиларга халқаро тажриба билан танишиш, илмий изланишлари юзасидан фикр алмашиш ва янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш имконини берди.
– Илмий анжуманларнинг мен учун энг қимматли жиҳатларидан бири – бу маърузадан кейинги суҳбатлардир, - дейди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Ш.Турдиқулова. – Баъзан битта ўринли савол ёки ҳамкасбнинг мулоҳазаси ўз ишимизга янгича назар билан қарашга ёрдам беради. Бугунги анжумандаги мулоқотлар ҳам янги қўшма тадқиқотларга сабаб бўлади, деган умиддаман.
Конференция ёш олимларнинг илмий ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, фанлараро тадқиқотларни ривожлантириш ва истиқболли ишланмаларни амалиётга татбиқ этишга хизмат қилди.
Камола ЮСУПОВА,
Аслиддин АЛИЖОНОВ (сурат), ЎзА