Заргарлик соҳасида тадбиркорлик субъектлари сони икки йилда қарийб икки баробар ошди
Бугун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси томонидан заргарлик соҳасини тартибга солиш, тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган давлат хизматлари ҳамда назорат йўналишида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилаётган натижалар ва тадбиркорлар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида маълумот берилди. Таъкидланганидек, сўнгги йилларда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар муомаласи соҳасида фаолият юритаётган субъектлар сони ортиб, асиллик даражасини аниқлаш ва давлат тамғаси билан тамғалаш хизматларига бўлган талаб ҳам изчил ошиб бормоқда.
Айни пайтда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар соҳасида фаолиятни бошлаш тартиби ҳам соддалаштирилган. Тадбиркорлик субъектлари бунинг учун “Лицензия” электрон ахборот тизими - license.gov.uz ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали -my.gov.uz орқали хабарнома юбориши мумкин. Жараён тўлиқ рақамлаштирилган бўлиб, хизматлар инсон омилисиз электрон шаклда кўрсатилади.

Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси Назорат-тафтиш бошқармаси бошлиғи Маъмур Пирназаровнинг таъкидлашича, соҳада яратилаётган қулайликлар ва рақамлаштириш жараёнлари фаолият кўрсаткичларининг ўсишида ҳам ўз аксини топмоқда.
– 2023-2025 йилларда соҳада асосий кўрсаткичлар бўйича ўсиш кузатилди. Жумладан, аффинаж фаолияти билан шуғулланувчи субъектлар сони 2023 йилдаги 12 тадан 2025 йилда 21 тага етди. Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан ишлаш фаолияти бўйича кўрсаткич 315 тадан 580 тага, заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи субъектлар сони эса 519 тадан 830 тага ошди.
Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик ҳамда бошқа буюмларни сотиш фаолияти билан шуғулланувчи субъектлар сони 913 тадан 1 919 тага етди. 2026 йил январь-август ойларида ҳам ижобий динамика сақланиб, аффинаж фаолияти бўйича 5 та, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан ишлаш бўйича 123 та, заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш бўйича 193 та, заргарлик ва бошқа буюмларни сотиш бўйича эса 629 та кўрсаткич қайд этилди, – деди у.
Матбуот анжуманида халқаро аэропортлар орқали заргарлик буюмларини олиб чиқиш ва олиб кириш тартибига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Маъмур Пирназаровнинг айтишича, жисмоний шахслар йўловчи божхона декларациясини тўлдирмасдан, 200 граммгача кумуш ва 65 граммгача олтин заргарлик буюмларини олиб чиқишлари мумкин.
–Белгиланган миқдордан ортиқ бўлган заргарлик буюмлари йўловчи божхона декларацияси асосида Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқилади. Шунингдек, Асиллик инспекциясининг хулосаси бўлмаган ярим тайёр заргарлик буюмларини мамлакат ҳудудидан ташқарига олиб чиқишга йўл қўйилмайди.
Шу билан бирга, жисмоний шахслар заргарлик буюмларини шахсий эҳтиёжлари учун, нотижорат мақсадида божхона тўловларисиз олиб киришлари мумкин. Бунда божхона тўловларисиз олиб киришнинг қиймат чегараси транспорт турига қараб белгиланади. Масалан, самолётда 1 000 АҚШ долларигача, темир йўл ёки дарё транспортида 500 АҚШ долларигача, автомобиль йўли орқали ўтиш пунктларида эса 300 АҚШ долларигача қийматдаги заргарлик буюмларини олиб киришга рухсат этилади, –деди М.Пирназаров.
Қайд этилганидек, заргарлик маҳсулотларини тижорат мақсадида олиб кирувчи тадбиркорлар учун ҳам қатор енгилликлар жорий этилган. Хусусан, 2025 йил 1 сентябрдан 2028 йил 1 сентябргача заргарлик буюмлари (ТИФ ТН 7113 ва 7114) учун божхона божи 20 фоиздан 2 фоизга туширилган. 2026 йил 17 февралдан 2027 йил 1 январгача марварид, олмос, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар учун импорт божи 0 фоиз этиб белгиланган.

Бу каби имтиёз ва енгилликлар соҳада қонуний фаолиятни қўллаб-қувватлаш, божхона жараёнларини соддалаштириш ҳамда тадбиркорлар учун янада қулай шароит яратишга қаратилган.
Матбуот анжуманида соҳада қонунийликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва коррупцияга қарши курашиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
– 2026 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, республикада қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан фаолият юритаётган субъектлар сони 2 911 тани ташкил этмоқда.
Инспекция томонидан ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича профилактик ишлар ҳам мунтазам олиб борилмоқда. Жумладан, 2024 йилда 1 500 та, 2025 йилда 1 679 та, жорий йилнинг ҳисобот даврида эса 1 169 та профилактик тадбир ўтказилди. Ҳудудларда тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар, семинарлар ва тушунтириш ишлари ташкил этилиб, уларга амалдаги қонунчилик талаблари тушунтириб келинмоқда.
Бундан ташқари, назорат жараёнларини янада шаффофлаштириш мақсадида хизмат кўрсатиш жараёнларида видеокузатув тизимини жорий этиш, назорат тадбирларини замонавий техник воситалар орқали амалга ошириш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда, – деди Инспекциянинг коррупцияга қарши курашиш бўйича бош мутахассиси Олим Назаров.
Тадбир якунида ОАВ вакиллари ҳамда тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, соҳани ривожлантириш ва қонуний фаолият учун яратилаётган имкониятларни кенгайтириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА