Ўзбекистон тўқимачилик экспортини 4 миллиард долларга етказишни мақсад қилмоқда
Тўқимачилик маҳсулотлари экспортини кенгайтиришда халқаро стандартлар ва ташқи бозор талабларига мувофиқлик асосий шартлардан бири бўлиб қолмоқда. 2025 йил якунига кўра, соҳада экспорт ҳажми 2,6 миллиард долларга етган бўлса, 2026 йилда ушбу кўрсаткични 4 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.
Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузурида ташкил этилган Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш клуби доирасида тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди.
Тадбир Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамда Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда маҳаллий тўқимачилик корхоналарининг экспорт салоҳиятини ошириш, ташқи бозорларга чиқишдаги техник тўсиқларни бартараф этиш, халқаро стандартларни жорий қилиш ва маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Маълумотларга кўра, 2025 йилда Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари экспорти 2,6 миллиард долларга етган ва маҳсулотлар 75 та давлат бозорига чиқарилган. 2026 йилда эса экспорт ҳажмини 4 миллиард долларга етказиш вазифаси белгиланган. Мулоқотда тадбиркорларга ташқи бозорларга чиқиш учун ягона универсал сертификат мавжуд эмаслиги тушунтирилди. Чунки ҳар бир давлат ва маҳсулот тури бўйича техник регламентлар, маркировка, маҳсулот хавфсизлиги, лаборатория синовлари, кимёвий моддаларга қўйиладиган талаблар ҳамда харидорларнинг қўшимча шартлари бир-биридан фарқ қилиши мумкин.

Шу боис экспортчи корхоналар учун маҳсулотни ишлаб чиқаришдан олдин мақсадли экспорт бозорининг талабларини ўрганиш ва зарур мувофиқлик тартиб-таомилларини олдиндан белгилаб олиш муҳим экани таъкидланди. Хусусан, Европа Иттифоқи бозорига чиқишда тўқимачилик маҳсулотларининг тола таркибини аниқ кўрсатиш ва белгиланган маркировка талабларига риоя қилиш муҳим ҳисобланади. АҚШ бозорида ҳам маҳсулотнинг тола таркиби, ишлаб чиқарилган мамлакати, ишлаб чиқарувчи ҳақидаги маълумотлар, шунингдек, кийим-кечак маҳсулотларини парваришлаш бўйича кўрсатмаларга доир талабларга риоя этиш зарур.
Тадбирда халқаро бозорларда кенг қўлланиладиган OEKO-TEX® STANDARD 100 ва Global Organic Textile Standard (GOTS) каби стандартлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Мутахассислар сертификат танлашда унинг оммалашгани эмас, балки муайян экспорт бозори, маҳсулот тури ва хорижий харидорнинг талабларига қанчалик мос келиши асосий мезон бўлиши лозимлигини таъкидладилар.

Маҳсулотларнинг ташқи бозор талабларига мувофиқлигини баҳолашда лаборатория синовлари ва метрология хизматларининг аҳамиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, маҳсулот таркиби, физик-механик хусусиятлари, ранг барқарорлиги, тола таркиби ва зарарли моддалар бўйича синовларни тўғри ташкил этиш, ишлаб чиқаришда қўлланиладиган ўлчаш воситаларининг аниқлиги ва ишончлилигини таъминлаш бўйича тавсиялар берилди.
Очиқ мулоқот якунида тадбиркорларнинг сертификатлаштириш, лаборатория синовлари, маркировка, халқаро стандартларни жорий этиш ва экспортдаги техник тўсиқлар билан боғлиқ саволларига мутахассислар томонидан жавоб берилди.

Мутахассислар таъкидлаганидек, экспортда асосий мақсад фақат сертификат олиш эмас. Муҳими — халқаро талабларга жавоб берадиган, хавфсиз, сифатли ва рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришдир. Бу эса Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларининг янги ташқи бозорларга кириб бориши ва соҳада белгиланган 4 миллиард долларлик экспорт маррасига эришишда муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА