Карманада инновацион лойиҳалар амалга оширилмоқда
Кармана туманини инновацион ҳудудга айлантириш мақсадида 2022-2026 йилларга мўлжалланган Концепция ишлаб чиқилган эди. Бугунги кунда Концепцияга кўра, қурилиш ва қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги, саноат, тиббиёт, таълим, балиқчилик, паррандачилик, иссиқхоналар ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларида замонавий технологияларга асосланган лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Жумладан, 2021-2023 йилларда умумий қиймати 19,2 миллиард сўмлик 12 та лойиҳа молиялаштирилди. Бугунги кунга қадар уларнинг 11 таси ишга туширилиб, 115 та янги иш ўрни яратилди. Қолган лойиҳани ҳам 2026 йил ноябрь ойига қадар фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

- Ислоҳотларнинг муҳим жиҳатларидан бири яратилган имкониятларнинг аниқ иқтисодий натижага айланишидир, - дейди туман ҳокими ўринбосари Ўткир Тиллаев. - Инновацион лойиҳалар фаолиятининг мунтазам ўрганилиши, тадбиркорлар билан мулоқот қилиниши ва аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича амалий чораларнинг кўрилиши натижасида сўнгги уч ярим йил давомида 11 та корхона томонидан 136 миллиард сўмдан ортиқ инновацион маҳсулот ишлаб чиқарилди. 2025 йил якунига кўра, туманда инновацион фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари сони 42 тага етгани ҳам яратилаётган шарт-шароитларнинг самарасини кўрсатади. Ушбу субъектлар томонидан 310,3 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, хизматлар кўрсатилди.
Айни пайтда хорижий молия институтлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳам ҳудуднинг инновацион салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда. Жаҳон банкининг MUNIS лойиҳаси доирасида Кармана инновацион ҳудудидан умумий қиймати 695 минг АҚШ долларига тенг 5 та лойиҳа грант маблағларига эга бўлди. Уларнинг барчаси тўлиқ амалга оширилиб, 21 та янги иш ўрни яратилди.
Туманда инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда, уларнинг самарадорлигини ошириш ва маҳсулотларни бозорга олиб чиқиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Innovation Water Filters” МЧЖ томонидан қуёш энергияси асосида сувни молекуляр даражада тозаловчи инновацион фильтрлар ишлаб чиқариш лойиҳаси 2022 йилда ишга туширилган. Ҳозирда корхонада 11 нафар фуқаро меҳнат қилмоқда. Корхона томонидан 2023-2026 йилларда 73,9 миллиард сўмлик маҳсулот сотилган.

Энг муҳими, бугун Карманада инновация фақат алоҳида лойиҳалар доирасида эмас, балки ҳудуд иқтисодий тараққиётининг муҳим йўналиши сифатида шаклланмоқда. Янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш, тадбиркорлар сафини кенгайтириш, инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва уларни ички ҳамда ташқи бозорларга олиб чиқиш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Жорий йил давомида умумий қиймати 45,7 миллиард сўмлик 19 та истиқболли лойиҳа шакллантирилгани ҳам келгусида бу йўналишда янада юқори натижаларга эришиш учун мустаҳкам замин яратади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири