Зарафшонда “Олимпия чўққилари” маркази фойдаланишга топширилди
Зарафшон шаҳрида ёшларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда иқтидорли спортчиларни кашф этиб, уларни юқори натижаларга тайёрлаш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда.
Шу мақсадда Қурувчи маҳалласида замонавий “Олимпия чўққилари” спорт маркази барпо этилиб, фойдаланишга топширилди.
Янги спорт иншоотининг очилиш маросимида шаҳар ҳокими Назирбек Раҳмонов, мутасадди ташкилотлар вакиллари, нуронийлар, мураббийлар ҳамда спортчи ёшлар иштирок этди.

Таъкидланганидек, бугун мамлакатимизда ёш авлоднинг жисмонан соғлом ва маънан баркамол бўлиб вояга етиши учун зарур шароитларни яратиш мақсадида спорт инфратузилмасини ривожлантириш, оммавий спортни кенг тарғиб қилиш ва иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда.
24×44 метр ўлчамдаги янги спорт иншоотида спортчилар учун қулай кийиниш хоналари ва ёрдамчи хоналар ташкил этилган. Машғулотларни замонавий талаблар асосида ўтказиш учун зарур шароитлар яратилган.

Эътиборлиси, мазкур лойиҳа фуқароларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган “Ташаббусли бюджет” дастури доирасида қуриб битказилди. Марказни барпо этиш учун 1,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Янги спорт маскани Зарафшон шаҳрида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ёшларни мунтазам равишда спорт билан шуғулланишга жалб этиш, уларнинг спортга бўлган қизиқишини ошириш ҳамда янги истеъдодларни кашф этишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири