Осиё ўйинлари: Антидопинг қоидаларига риоя этиш - муваффақиятнинг муҳим омили
Шу кунларда мамлакатимиз спортчилари жорий йилнинг 19 сентябрь – 4 октябрь кунлари Япониянинг Аичи-Нагоя шаҳарларида бўлиб ўтадиган XX ёзги Осиё ўйинларига тайёргарлик кўрмоқда.
Қитъамизнинг 45 та мамлакати спортчилари иштирок этадиган мусобақаларга жисмоний ва руҳий ҳозирлик билан бир қаторда, антидопинг қоидаларига амал қилиш, тақиқланган моддалар тўғрисидаги маълумотларга эга бўлиш муваффақиятнинг муҳим омили ҳисобланади.
Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги юртимиз спортчиларини мазкур комплекс ўйинларда допинг тузоғига тушиб қолмасликлари учун турли тадбирлар, учрашувлар, семинарлар ўтказиб келмоқда.
Велоспорт турлари бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари билан ўтказилган навбатдаги семинарда Осиё ўйинларида спортчилар, мураббийлар антидопинг қоидаларига қай тарзда амал қилиши хусусида сўз борди.
Семинар давомида спортчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, допинг назорати жараёни, тақиқланган моддалар ва усуллар, шунингдек, дори воситаларидан қонуний фойдаланиш масалаларига эътибор қаратилди.

Айниқса, мусобақалар олдидан ҳар қандай препаратни қабул қилишдан аввал унинг антидопинг талаблари нуқтаи назаридан хавфсизлигини аниқлаш зарурлиги қайд этилди.
Бундай семинарлар спортчиларнинг антидопинг саводхонлигини ошириш, қоидабузарликларнинг олдини олиш ва халқаро майдонларда мамлакатимиз шарафини ҳалол рақобат асосида муносиб ҳимоя қилишга хизмат қилиши билан аҳамиятли.
Т.Рўзиев,
ЎзА