Замонавий раҳбарлик компетенцияси: аҳоли мурожаатлари билан самарали ишлаш керак
Президентимиз томонидан халқ мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижроси доирасида ўқув курси ташкил этилди.
Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида ташкил этилган тадбирда ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари, туман тиббиёт бирлашмалари, Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика тез тиббий ёрдам маркази филиалларининг 140 нафар раҳбар ва масъул ходими иштирок этди.
Ўқув дастури замонавий давлат бошқаруви тамойиллари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, тингловчиларнинг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, коррупциянинг олдини олиш, рақамли соғлиқни сақлаш технологияларидан самарали фойдаланиш, психологик барқарорликни таъминлаш, самарали мулоқот олиб бориш ҳамда замонавий раҳбарлик компетенцияларини ривожлантиришга қаратилган.
Тадбирда Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Орал Атаниязова соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг касбий билим ва кўникмаларини ошириш бўйича махсус ўқув курсида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва давлат сиёсатининг устувор йўналишлари юзасидан маъруза қилди.

Сенатор ўз чиқишида мамлакатимизда тиббиёт соҳасини модернизация қилиш, тиббий хизматлар сифатини ошириш, аҳоли учун қулай ва сифатли тиббий хизматларни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.
“Ўзбекистон - 2030” стратегияси доирасида бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ривожлантириш, давлат тиббий суғуртаси тизимини босқичма-босқич жорий этиш, тиббиёт муассасалари фаолиятини рақамлаштириш, малакали кадрлар тайёрлаш ва хусусий сектор иштирокини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратилди.
Тингловчиларга соғлиқни сақлаш соҳасида қабул қилинган муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти ҳам тушунтирилди, аҳоли мурожаатлари билан ишлашда тиббиёт ходимларининг масъулияти ва соҳадаги долзарб вазифалар хусусида фикр алмашилди.
Н.Абдураимова, ЎзА