Комплаенс ва халқаро стандартлар: бизнесда ҳалоллик тамойилларини мустаҳкамлаш зарур
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси томонидан жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва хусусий сектор вакилларининг коррупциянинг олдини олиш ҳамда замонавий комплаенс механизмларини жорий этиш соҳасидаги билим ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан навбатдагиси “Veolia Energy Tashkent” компанияси раҳбарияти ва менежерлари иштирокида ташкил этилди.
Семинарда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси Коррупцияга қарши курашиш илмий-таълим маркази бошлиғи Х.Турсунбеков томонидан коррупциянинг жамият ва бизнес муҳитига салбий таъсири, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар учун назарда тутилган жавобгарлик чоралари, шунингдек, замонавий коррупцияга қарши сиёсатнинг устувор йўналишлари юзасидан тақдимот қилинди.

Комплаенс тизимининг ташкилот фаолиятидаги ўрни, ички назоратни самарали ташкил этиш, манфаатлар тўқнашувини барвақт аниқлаш ва олдини олиш, халқаро стандартлар талабларини корпоратив амалиётга татбиқ этишнинг долзарб жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбир давомида коррупциянинг олдини олиш, комплаенс маданиятини ривожлантириш, бизнес жараёнларида ҳалоллик ва шаффофлик тамойилларини мустаҳкамлаш, шунингдек, давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Тадбир якунида иштирокчилар томонидан билдирилган саволларга атрофлича жавоблар берилди.
Н.Абдураимова, ЎзА