Бухоро дарвозалари – тарих ва тамаддун тимсоли
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қадимий Бухоро асрлар давомида Буюк Ипак йўлининг муҳим шаҳарларидан бири сифатида шаклланган. Шаҳарни ўраб турган қалъа деворлари ва дарвозалар нафақат мудофаа иншооти, балки унинг сиёсий, иқтисодий ва маданий қудратининг ҳам ифодаси бўлган.
Тарихий манбаларга кўра, XVI асрда Шайбонийлар даврида Бухоро атрофидаги мудофаа деворлари қайта қурилиб, шаҳар бир нечта асосий дарвозалар билан мустаҳкамланган. Ана шу дарвозалар орқали карвонлар кириб келган, савдо-сотиқ ривожланган, турли халқлар ўртасида маданий ва маърифий алоқалар мустаҳкамланган.
Ҳар бир дарвоза муайян йўналиш ва вазифага эга бўлиб, шаҳар хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этган. Кечаси дарвозалар ёпилиб, тонгда яна очилган. Улар атрофида соқчилар хизмат қилган, савдогарлар ва мусофирлар учун қулай шароитлар яратилган.
Бухоро меъморий меросида хонадон дарвозалари ҳам алоҳида ўрин тутади. Қадимий маҳалла ва гузарларда сақланиб қолган салобатли ёғоч дарвозалар миллий ҳунармандчилик ва ўймакорлик санъатининг ноёб намуналари ҳисобланади. Айрим дарвозаларда аёллар ва эркаклар учун мўлжалланган турлича овоз чиқарувчи металл ҳалқалар ўрнатилган бўлиб, бу халқимизнинг маиший маданияти ва одоб-ахлоқ анъаналаридан далолат беради.
[gallery-30008]
Бугунги кунда Талипоч ва Қоракўл дарвозалари ҳамда қайта тикланган айрим тарихий объектлар Бухоронинг кўп асрлик ўтмишидан сўзлаб туради. Сақланиб қолган деворлар ва дарвозалар шаҳар мудофаа меъморчилигининг юксак даражада ривожланганидан далолат беради.
Бухорога ташриф буюраётган маҳаллий ва хорижий сайёҳлар мазкур тарихий обидалар орқали шаҳарнинг бой маданий мероси билан танишмоқда. Қадимий дарвозалар Бухоронинг кўп асрлик тарихи, миллий меъморчилик анъаналари ва буюк тамаддунининг ажралмас қисми сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА